Олий мажлис Қонунчилик палатасига 18-Избоскан сайлов округидан сайланган депутат Наврўзбек Юсупов туман Тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрди. Ташриф давомида депутат Н.Юсупов мутасадди ходимлар билан бирга туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва ҳолати билан танишиб чиқди.
Шунингдек у бирлашма шифохонасида даволанаётган беморлар билан уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати бўйича суҳбатлашди. Уларнинг саволларига жавоб берди.
Маълумот учун: Избоскан туманининг 236 мингдан зиёд аҳолисига 1 та шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника (унинг Пойтуғ, Лўғумбек, Чувама ҳамда Тўрткўл ҳудудий бўлимлари), 5 та Қишлоқ оилавий поликлиникалар (26-Мойгир ҚОП, 27-Туячи ҚОП, 28-Урганжи ҚОП, 29-Чўнгбоғиш ҚОП, 30-Дўстлик ҚОП), 9 та қишлоқ врачлик пунктлари (Яккатут ҚВП, Наврўзобод ҚВП, Янгиқишлоқ ҚВП, У.Мансуров ҚВП, Янгизамон ҚВП, Қўғай ҚВП, Юқори Чувама ҚВП, Янги ҳаёт ҚВП, Гуркиров ҚВП) ҳамда 1 та КТМП, Силга қарши кураш диспансери бўлими, тиббий хизмат, шунингдек, 1 та тез тиббий ёрдам бўлими (11 та ҳудудий шахобчалари билан) томонидан аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси (Мирзо Улуғбек МФЙ, Шифокорлар кўчаси 1-уй) туман марказида жойлашган бўлиб, 415 шифо ўриндан (ШТЁБ- 30 ўрин, туғруқ мажмуи-135 ўрин, терапия -100, режали жарроҳлик-30, болалар бўлими -70, юқумли касалликлар бўлими-50) иборат бўлиб, тиббиёт бирлашмаси бино ва иншоотлари (туғруқ мажмуи биносидан ташқари) 2011-2014 йиллар давомида давлат инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилинган.
Депутат Наврўзбек Юсупов туман халқ таълими бўлими мудири Азизилло Абдукаримов билан тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
19- ва 25-умумий ўрта таълим мактабларидаги ўқувчиларга яратилган шароитлар ҳамда давлат таълим стандартлари асосида берилаётган таълим сифатлари, мактаблардаги мавжуд ахборот ресурсларидан ўқувчиларнинг фойдаланиши, фан ва спорт тўгаракларига қамраб олиниши ўрганилди. Ташриф давомида мактаб фаолиятни янада ривожлантириш, ўқувчиларни билим савиясини янада юксалтириш, китобхонликка бўлган қизиқишни янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар бериб ўтилди.
Шунингдек кўчаларда аҳоли қатновига қулайликлар яратиш мақсадида ободонлаштириш борасидаги мурожаатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг сайловчилар билан учрашуви давомида кўриб чиқилди. Ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг оилавий, мулкий ҳамда шахсий мурожаатлари ҳам кўриб чиқилиб, мутасадди ташкилотлар орқали ижрога йўналтирилиши таъминланди. Шунингдек эҳтиёжманд оилалар хонадонларига ташриф буюрилиб, муаммолари ўрганилди. Ушбу оилаларни эҳтиёжманд оилалар қаторидан чиқариш, оилани иқтисодий таъминотини доимий яхшилаш борасида чоралар белгилаб олинди.
Солбоши МФЙда яшовчи сайловчиларнинг Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Юсупов билан учрашувлари ҳам мазмуни ва савол-жавобларга бой бўлди.Аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган бир қанча муаммолар билан бевосита танишиб чиққан Н. Юсупов масаланинг ечими борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ичимлик суви билан таъминлаш масаласида 1994 йилда ер тубига 88 метрли труба қоқилган қудуқ мавжудлиги аниқланди ва ушбу қудуқни ишга тушириш ва ахолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўриш мутасадди идора раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди ва қудуқни ишга тушуриш ва бу орқали аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни йўлга қўйиш белгилаб олинди.
Суратларда: Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсуповнинг сайловчилар билан учрашувларидан лавҳалар.