Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ДАРАХТЛАР ВА БУТАЛАРНИ КЕСИШГА МОРАТОРИЙ БИР ЙИЛГА УЗАЙТИРИЛДИ

 

Президентнинг 3 февралдаги фармони билан дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга мораторий 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Ҳеч кимга сир эмас  дарахт кесилишига энг катта таъсир қурилиш объектларида учрамоқда. Қурилиш борки, ҳеч бўлмаганда битта дарахт кесилиш ҳолати учрайди.

Ҳужжатда  мораторий даврида нафақат дарахтларни кесишни чеклаш, балки, уларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзланган.

Президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги ПФ-5863-сон фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар мораторий жорий этилган эди. Ушбу ҳужжат билан мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига рухсат бериши ман этилган эди.

Мораторий амал қилиш муддати тугамасдан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар қайд этилган эди.  Масалан, 2020 й  май ойида Сурхондарёда фуқаро автосервис қуриш мақсадида 35 туп қарағай дарахтини кесгани учун 165,5 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Июлга келиб, Давлат экология қўмитаси Тошкент марказида кўп йиллик чинорлар ноқонуний равишда каллаклаб ташланганини тасдиқланганди.  Июль ойида шу каби ҳолат, Нурафшонда ҳам кузатилди. Унда йўл четидаги 37 туп дарахт, шундан 26 туп кўп йиллик чинорлар кесиб ташлангани ва зарар 1,1 млрд сўмни ташкил этгани аниқланган ва ҳоказо.

Президентнинг 3 февралдаги фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил парвариш қилиш мажбурияти киритилмоқда.

Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланмоқда.

Ноқонуний кесилиш ҳолатларини аниқлаган ёки олдини олган фуқаролар рағбатлантирилади.

 

Наврўзбек Мукимжонович ЮСУПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  .

Улашинг: