Ҳа, навбат энди Дубайга! Вилоятимиз ва туманимиз шаънини Республика миқёсида улуғлаган Рустамжон Солиев энди Дубайда бўлиб ўтадиган VARKEY FOUNDATION ( ҳалқаро ўқитувчилар ассоцацияси)да Республикамиз шарафини ҳимоя қилади.
Асл меҳнат, ўз устида ишлаш, тинмай билимини ошириб бориш пировардида ўз натижасини берди. Бугун Рустамжонга табрикларнинг чеки йўқ. Ахир шундоққина беллашувларга боришнинг ўзи бўлмайди-да. Ўзига билдирилган ишончни оқлаш, масъулиятни ҳис этиш.
Аслида 9-умумтаълим мактабида ўқувчи ёшларга информатика ва ахборот технологиялари фанидан дарс бериб келаётган Рустамжонга педагоглик касбига меҳр, ўқитувчи бўлишдек олий орзу-ҳавас ота-онасидан юққан. Чунки уларнинг оиласи ўқитувчилар сулоласи.
1995 йил Андижон давлат университетининг физика –информатика йўналишини битиргач, ўзи таълим олган 9-умутаълим мактабида устозлари ёнида ёшларга билим бера бошлади. Билмаганларини устозлардан тортинмай сўраб ўрганишга одатланган Рустамжон меҳнатдан қочмайди, ўқишни, ўрганишни, изланишни канда қилмайди.
Юртимизда халқ таълими бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир ўқитувчининг ўз касбига бўлган маъсулиятини оширишга чорламоқда.Бу эса ўқувчиларнинг мазмунли ва сифатли таълим олишларида катта аҳамият касб этмоқда. 2020 йил, 3 июль куни Республикада “Ўқитувчилар ассоцасияси” нодавлат, нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Ўтган йили 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ўқитувчилар ассоциацияси” нодавлат, нотижорат ташкилоти томонидан уч босқич, олтита номинациядан иборат “Устоз 2020” миллий танлови эълон қилинди.
Ушбу танловда Рустамжон Солиев таълимда инновацион ёндашув ва ғоялар номинациясининг биринчи босқичида иштирок этиб, омадини синаб кўрди. У ўзининг таълим йўналишида олиб бораётган ишлари ва келажакдаги инновацион ғояларини олдинга суриб, ижтимоий тармоқдаги You Tube каналига жойлади. Онлайн тарзда ўтказилган дастлабки танловда 13400 нафардан зиёд ўқитувчилардан 150 нафари иккинчи босқичга йўл олди. Улар ичида Рустамжон ҳам бор эди. У иккинчи босқичда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 30 нафар ҳамкасби билан танловнинг учинчи босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Пойтахт Тошкентда Ҳалқаро тоифадаги мутахассислар иштирокида бўлиб ўтган якуний босқич танловида Рустамжон ўзининг “Ёш ўқитувчилар мактаби”ни очиш ғоясини илгари суриб, таълим соҳасида унинг қандай аҳамият касб этиши бўйича фикр мулоҳазаларини баён этди.
Танлов якунига кўра Рустамжон Солиев “Таълимда инновацион ёндашув ва ғоялари учун” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
У ғолиблик дипломи билан бирга ўттиз миллион сўм мукофот пули ва Дубайда бўлиб ўтадиган VARKEY FOUNDATION ( Халқаро ўқитувчилар ассоциацияси) танловида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритди. Яқинда эса яна бир қувончли хабар — Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчилари орасида таълимга инновациялар тадбиқ этган, ўқув машғулотларида ноанъанавий ёндашув, мобил ва инновация технологияларини амалиётга кенг ва сифатли тадбиқ этишда “ЭНГ ЯХШИ УСТОЗ” номини олган Рустамжон Солиевнинг “Ўзбекистон Республикаси Ҳалқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирлангани кенг тарқалди.
48 баҳори қаршилаётган Рустамжоннинг ҳаётда эришган муваффақиятларига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган турмуш ўртоғи Шаҳзодахоннинг ҳам қувончлари чексиз. Улар келажагимиз ворисларига Ватанимизга садоқат, халқимизга муҳаббат, миллий урф-одатларимизга ҳурмат,буюк инсонийлик руҳида таълим-тарбия берар эканлар ўқитувчиликдек шарафли касбни танлаганларидан беҳад бахтли эканликларини ҳис этадилар. Ҳа-да, жаннатга монанд ҳур Ватанимизда бундан ортиқ –эртанги кун эгаларини комил инсон бўлиб етишишларига муносиб ҳисса қўшишдек бахтдан ким ҳам қувонмайди дейсиз!? Биз бу бахтиёр ўқитувчилар сулоласига бундан-да юқори чўққиларни эгаллашларини тилаб қоламиз.
М.Рустамов.
Суратда: Рустамжон Солиев ўқувчилар билан.