Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БОБУР КАБИ СЕВИНГ ВАТАННИ!

Бу кўҳна олам яралганидан буён не-не шоҳларни, не-не султонларни, фиръавну императорларни кўрмади, дейсиз?! Аммо уларнинг орасида халқ қалбида яхшилиги билан қолганлари саноқли. Улар орасида адабиётнинг дуру гавҳари бўлмиш шеъриятга ихлос қўйибгина қолмай, бу нозик санъатни юксак чўққига олиб чиқишга ҳаракат қилганлари камдан кам бўлган. Бўлганлари ҳам шоҳларнинг шоири, шоирларнинг шоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобур иқтидорига тенг келолмаган. Дунё дунё бўлибдики, жаҳонда «манаман» деган, олам аро ном қозонган шоирларнинг ҳеч бири шоҳ бўлолмаган. Тақдир буюк шоҳ ва шоир Бобурнинг бошига не-не кўргиликлар солишига қарамай соҳир қаламини ва адолат қиличини бирдек қайраб, одил шоҳлик мақомида маҳкам турди. Тақдир зиммасига шунчалик кўп ва улуғ юкни юклаган Бобурнинг ҳаёт йўли ҳам ҳавасларга, ҳам хатарларга тўлиқ кечди. Бу унинг рубоийларида ҳам ўз аксини топди.
Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?…
Ҳа, Яратган Эгам Бобурга ҳар жиҳатдан иқтидор, истеъдод, улуғ мансабу мартаба берди. Бунга ғаши келган ғанимлар унга шунчалик тиш қайрадиларки, унинг ҳар бир ишидан, эзгулик йўлидаги юмушларидан ҳато устига ҳато топавердилар. Оқни қора, қорани оқ дедилар. Оқибат шоҳ ва шоир туғилиб ўсган юртини, азиз Ватанини бир умрга ташлаб кетишга, ўзга юртларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Унинг “Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди”, — дея аламланишлари, ўртаниш­лари, ёнишлари шундан…
Ҳар бутоқки, ўзи ёнганини ўзи билиб, ўзигина ҳис қилади. Ҳар кўнгилки, ўзи ўртанганининг сабабига яраша таскинини ҳам фақат ўзигина топа олади. Бобур Мирзонинг-да:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидур…
— дея ўз қайғусига ўзи юпанч топишга ҳаракат қилгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
10-мактабгача таълим ташкилотида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунига бағишланиб, «Бобур каби севинг Ватанни!» мавзуси остида ўтказилган адабий бадиий тадбирни туман мактабгача таълим бўлими мудираси Назирахон Қобилова ана шундай кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг тарбияланувчилар тадбирга бағишланган шоҳ ва шоир ижодидан намуналари билан тадбир қатнашчиларини ҳушнуд этдилар. Турли тилларда янграган Бобур ғазаллари, рубоийлари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.
— Улуғ аждодларимизнинг меросларини ҳар қанча ўргансак, ҳар қанча улуғласак оз,-дейди ташкилот мудираси Маҳфиратхон Акрамова,- Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат улуғ шоир, балки адолатли султон, моҳир саркарда, равон услубдаги “Хатти Бобурий” ни яратган чевар ҳаттот, мардона услуби, руҳи, гўзал адабий-бадиий тили, тарихий ҳақиқатлиги билан Осиёдагина эмас, бутун дунёда улкан аҳамиятга эга бўлган “Бобурнома” тарихий-мемуар асарини битган маҳоратли адиб, ҳақгўй тарихчи, инсон руҳияти, характерини нозик чизгиларда ифода эта оладиган бетакрор руҳшунос, буюк олим сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Унинг ижоди Ватанни севиш, уни улуғлаш ғоялари билан суғорилганки, биз ҳам тадбиримизга бежиз «Бобур каби севинг Ватанни!» шиорини танламадик.
Тадбирнинг гўзал ва мазмунга бой ўтишида жамоанинг – айниқса Гулшаной. Аҳмадалиева, Дилоромхон Воҳидоваларнинг самарали меҳнатлари яққол акс этди.
Қисқача 10 МТТ ҳақида: 1982 қишлоқ фуқаролари йиғини учун қурилган бино МТТ учун мослаштирилган. 90 ўринли бу тарбия масканига ҳозирда 150 нафар келажагимиз ворислари жалб қилинган. Ҳудудда яна тарбияга қамраб олиниши зарур бўлган 300 нафардан ортиқ болажонлар бор. Туман мактабгача таълим бўлими раҳбари ҳамда жамоа ҳаракати билан атроф девор билан ўралди. Бино томи янгиланиб, тоза ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланган. Агар бу жойга қўшимча бинолар, айвонлар қурилса ҳудуддаги болажонларни ҳам қамраб олиш имконияти бор. Ўйлаймизки, бу ҳудудан сайланган депутатлар, Бештерак МФЙ мутасаддилари бу ишга бош қўшадилар. Бу ердан оқмас бўлиб қолган зовур муаммосини ҳам ҳал этадилар.
Мирза АБДУЛЛАЕВ

Улашинг: