Шундай инсонлар борки, борига қаноат қилмайди.. Катта-катта еб, яхши кийинишни орзу қилади-ю, ишлашга, ҳалолу пок меҳнат қилиб даромад топишга бўйни ёр бермайди. Фирибгарлик билан мол-дунё орттиришга ҳаракат қилади. Билмайдики, бу бир саробки, бир кун келиб меҳнатсиз топилган нонни емоқчи бўлганда тиши синади.
М. А.нинг тузуккина иши, яхшигина маоши, ҳамкасблари-ю, маҳалла-кўй олдида етарлича обрўси бор эди. Тўй, маросимларда, йиғинларда ҳурмати юзасидан тўрига ўтиришга чорлардилар. Лекин нафс қурғур ёмон нарсада. Шайтон васвасасига учраб, фирибгарлик билан пул топишга уринди ва бор обрўсидан маҳрум бўлди. Оиласи, фарзандлари, касбдошлари олдида боши хам бўлди. Нега дейсизми?
Кунларнинг бирида у яхшигина қўшиқ айтадиган Ж.О.ни учратиб қолади. Кейинчалик бир неча тадбирда ҳарбий блок таркибида чиқиш қилишига ёрдам беради. Суҳбатлар давомида Ж.О.нинг Миллий гвардияда ишлаш истаги борлигини билиб олади. М. А. пайтни қўлдан бой бермай ўзининг Миллий гвардияда танишлари борлигини айтади. Ж.О. ундан Миллий гвардияга ишга киришига ёрдам беришини сўрайди. М.А. ёрдам беришини, ҳужжатларини топширишини, аммо озгинагина «чиқими» борлигини, 3000 «кўки» бериши лозимлигини шама қилади. Ж.О. отаси билан маслаҳатлашиб, натижасини айтишини маълум қилади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида дадаси О.С. билан таништиради. О.С. 3000 АҚШ доллари миқдорида пули йўқлигини айтганида уларнинг шароитини тушунганини айтиб, 1400 АҚШ доллари берса, олдин қарзга олган 100 АҚШ доллари билан жами 1500 АҚШ доллари бўлишини, пулни Миллий гвардия органида ишловчи танишларига беришини ва шу орқали ўғлини ишга олинишини айтганида О.С рози бўлади.
Улар келишилган жойда учрашиб, М. А. О.С.дан келишилган пулни олаётганида Департаментнинг Андижон вилояти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур жиноий иш юзасидан ўтказилган суд жараёнида М.А. ўз қилмишларини тан олиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида танишлари йўқлигини, пулни олиш мақсадида ёлғон гапирганини, ёши катталигини, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини, аввал судланмаганлигини айтиб енгиллик берилишини сўради.
Лекин қонун барчага баробар. У қилган қилмишига яраша одил суд жазосини олди. Зотан шаҳар бедарвоза эмас. Ҳеч ким қилғиликни қилиб қўйиб, одил суд жазосидан қочиб кетолмайди. Қонунбузарларга қарши курашувчи органлар ходимлари ҳамма вақт ҳушёр.
Б. Н. Мамасалиев,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошкармаси Ички хавфсизликни таъминлаш буйича катта инспектори, адлия маслаҳатчиси.