Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ: ТАРИХ ВА БУГУН

2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Аввалига Президентнинг тегишли Фармони (ПФ-5308-сон) билан тасдиқланган давлат Дастури ижроси доирасида Давлат статистика қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш концепцияси ишлаб чиқди. 2019 йил 5 февраль эса мамлакатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги (ПФ-5655-сон) Фармони қабул қилинди. Жорий йилнинг март ойида «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунини имзолади.

Тарихий манбалардан маълумки, аҳолини илк рўйхатга олиш қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Бундан асосий мақсад одамлардан солиқ йиғиш, бож олиш ҳамда ҳарбий сафарбарлик учун уларнинг сонини аниқлаш бўлган. Шу боисдан рўйхатга олишда асосан эркакларга эътибор қаратилган.

Аҳолини энг биринчи расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, АҚШда илк аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

ХIХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида  54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда 151 та давлатда, 1965-1974-йилларда 179 та давлатда аҳоли рўйхати ўтказилган. Ҳозирги пайтда, дунёдаги деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ўтказилган. Бу борадаги маълумотлар ХIХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар (ва аҳоли) сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.

Кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солинган. Масалан, Буюк Британиянинг 1920 йилда «Қўшма қиролликда аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида«ги қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг барча қоидалари, фуқаролар, уй хўжаликлари, корхоналар ва муассасаларнинг қайси тоифалари рўйхатга олиниши, аҳолини рўйхатга олишни ким ўтказиши, сўров варақалари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга оладиган ҳисобчиларни ёллаш, уларнинг хизмат вазифалари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш қоидалари кўрсатилган. Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан (Қўшма Қиролликда ҳар ўн йилда бир марта аҳоли рўйхатга олинади) тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади, бунда, албатта, 1920 йилги қонун ҳужжатига ҳавола қилинади.

Ўзбекистонда ҳам 10 йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади. Қонунга кўра рўйхатга олиш бутун Ўзбекистон ёки муайян ҳудудлар бўйича ўтказилиб, демографик сана ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳарактеристикасини аниқлашга ҳаратилган шахсий маълумотларни йиғиш ва уларни қайта ишлаш тартибларини белгилайди. Ушбу муҳим ҳужжатга кўра, рўйхатга олишнинг асосий мақсади—Ўзбекистонда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.

Қонунда, шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш соҳасида давлат органлари ваколатлари, респондент ва рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тартибга солинган. Аҳолини рўйхатга олиш дастури ёши, миллати, тилларни билиши, маълумоти, яшаш шароитлари, яшаш учун маблағлар манбалари ва бошқа масалаларни ўз ичига олади. Сўров давлат тилида олиб борилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар ўз она тилларида ёки бошқа эркин танланган мулоқот тилида сўровда иштирок этишлари мумкин. Рўйхатга олиш бўйича якуний маълумотлар юридик ва жисмоний шахслар учун очиқ бўлади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, Давлат статистика қўмитаси расмий сайтига жойлаштирилади.

Х.Режабов,

Избоскан туман статистика бўлими бошлиғи.

Улашинг: