2021 йил 18 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–675) билан судга келиб тушган ишлар соддалаштирилган тартибда, тезкор кўриб чиқилиши белгиланди.
Қонун билан Жиноят процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди.
Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш-гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади.
Гувоҳни, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра, ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади, деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув.
5 та асослар мавжуд бўлганда, суд тарафларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ўтказиши мумкин.
Биринчи асос — жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш.
Иккинчи асос — жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш.
Учинчи асос — жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш.
Тўртинчи асос — Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш.
Бешинчи асос — Номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш.
Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак.
Шунингдек, қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.
Яъни, жиноят содир қилганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахс ўз айбини тўлиқ бўйнига олса, суриштирув, тергов ва суд муҳокамаси даврида фаол кўмаклашган ва жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаган бўлса, ушбу шахс билан айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилади. Ушбу шахсга у содир қилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори у айбланаётган моддаси (қисми)да назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Аммо шахс бир нечта жиноятларни содир қилиб, уларнинг бири ўта оғир бўлса ёки бири бўйича айбига иқрорлик билдирмаса, бу ҳолатда айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузилиши мумкин эмас. Бу институт жиноят ишларини соддалаштирилган ҳолда кўриш учун хизмат кўрсатади. Яъни, мазкур тоифадаги ишларни кўриш муддати иш судга келиб тушган пайтдан бир ойни ташкил қилади. Ушбу ишларда судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), прокурор ва ҳимоячи иштирок этишади ва судланувчининг айбини исботлаш талаб этилмайди. Тарафлар тузилган келишувдан воз кечишлари мумкин.
Қонун билан Жиноят процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади.
Тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судъянинг ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖПКга киритилган ўзгартиришларга кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).
Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар тоифасига қуйидагилар киритилди:
дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар;
ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар;
шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган;
айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар.
Вахобжон СИДДИҚОВ.
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг судьяси