ЁКИ САНАМАЙ САККИЗ ДЕГАНЛАР
Хотин-қизларимиз ҳаётимизнинг мазмуни ва гул ғунчалари. Улар бахтли оналар. Фарзандларни тарбиялаб вояга етказувчилар. Турмуш ўртоқларини ардоқлаб, ишдан келишларини кутиб олувчилар, ширин сўзлари биланг чарчоғини чиқарувчилар. Бир сўз билан айтганда уларсиз ҳаёт маъносиз. Бундай хотин-қизларимиз ҳақида ҳар қанча ижобий битиклар битсак оз.
Аммо…
Ҳаётда шундай аёллар ҳам бор эканки, уларнинг қилмишларини кўриб, «Наҳотки гулдай нозик бўлган, «она» деб эъзозланган аёлнинг шундай ишларга қўл уриши мумкинмикан?» дея ўйланиб қоласан.
Биз қуйида баёнимиз аёл номига доғ туширадиган фирибгарлик билан шуғулланиб, юзларини қора қилганлар ҳақида. Улар қилмишларимиз ошкор бўлмайди, мазза қилиб, одамларни фирибгарлик билан лақиллатиб, мўмай пулларин олиб, ишлатиб юраверамиз, дея хом хаёл қилгандилар. Жиноятга жазо муқаррарлигини ўйламагандилар. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинганларида эса пушаймонлари кечга айланди.
Андижонлик Мадина Расулова(исм ва фамилиялари ўзгартирилган) муқаддам икки бор судланганига қарамай тавбасига таянмаган экан. Букрини гўр тўғрилайди, деганларидай фирибгарлик ишларини давом эттиришдан, қайта жазоланишдан тоймади. Ўзига ўхшаган Азизахон Сатторова билан жиноий тил бириктириб, фирибгарлик қилаверган.
Улар жиноий ҳамжиҳат бўлишиб, 20 нафардан ортиқ фуқаронинг ишончига киришиб, фирибгарлик билан уларни Асака автомашина заводидаги танишлари орқали ишга жойлаб қўйишларини ваъда қилишиб, ҳар биридан 30 миллион сўмгача пул олганлар ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлар.
Жиноят ишлари бўйича Избоскан суди судьяси В. Сиддиқов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, дастлабки тергов жараёнида ва судда тўпланган далиллар текширилиб, муҳокама қилиниб, уларга холисона баҳо берилди. Жиноят ишидаги ҳужжатлар таҳлил қилинди ва судланувчиларнинг жиноий қилмишлари ўз исботини топди. Суд ҳукми билан уларга тегишли озодликдан маҳрум этиш жазоларини умумий тартибли колонияларда ўташ тайинланди.
Шу ўринда ўйлаб қоласан киши. Нимага одамлар ёлғон ваъдаларга ишониб пулларини фирибгарларга бераверадилар? Наҳотки у ким? Қаерда ишлайди? Нима иш билан шуғулланади? Пул бериб ишга жойлашишим қонунга тўғри келадими? Кейин «аттанг» қилиб қолмайманми? деб ўйламайдилар? Агар фуқароларимиз санамай саккиз демасалар, пешона тери билан топган маблағларини эҳтиётласалар, ноқонуний, пул сарфлаб ишга киришни хаёл қилмасалар, огоҳ ва ҳушёр бўлсалар фирибгарликка чек қўйишга ёрдам берган бўлармидилар?!
М.А.Хидиров,
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармаси Избоскан туман бўлими бошлиғи адлия маслаҳатчиси.