Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ХОДИМЛАРГА МУНОСИБ МЕҲНАТ ШАРОИТИ

жамоа шартномаси асосида яратилади

Касаба уюшмаси ташкилоти фао­лиятининг асосий йўналишлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳатлар асосида таълим тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг касбий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишдан, уларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришда таълим соҳасини ривожлантиришга кўмак­лашишдан иборат.
61 нафар аъзоси бўлган мактабимиз бошланғич касаба уюшма ташкилотининг бўлиб ўтган умумий йиғилишида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси З.Абдуллаев, туман бўлинмаси кенгаши раиси А.Ахмадалиевлар иштирок этдилар. Кун тартибига асосан амалдаги жамоа шартнома мажбуриятларини ўтган йилда бажарилиши якунлари ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокама қилинди, камчилик ва ютуқлар айтиб ўтилди. Зеро бошланғич ташкилотлар даражасида меҳнат ҳуқуқини таъминлайдиган ҳужжат айнан жамоа шартномаси ҳисоб­ланиши барчамизга маълум.
Мактабда ходимлар ўртасида меҳнат интизомини мустаҳкамлашга, ички меҳнат тартиби қоидаларига тўлиқ риоя қилишга қаратилган тушунтириш ва ташкилий ишлар олиб борилмоқда, меҳнат низоларига олиб келувчи вазиятларни олдини олишга каратилган чоралар кўриб чикилмоқда.
Ўтган йилнинг март ойидан Республикамизда Коронавирус пандемияси туфайли таълим муассасаларида масофавий таълим шаклида фаолият олиб боришга ўтилди. Мактабимизда ҳам жорий қилинган карантин чоралари даврида ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар бўйича ходимларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказилди. Ходимлар масофавий ишга ўтган бўлсада иш хақи ва таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътиллари, қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бандларга асосан ўз вақтида берилди. Мактаб ходимлари ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш мақсадида иш жойларида антесиптик ва зарур санитария-гигиеник воситалар, ниқоблар билан таъминлаш, касаллик учун тест таҳлилларини топшириш, шунингдек иш жойлари, ошхона, ювиниш хонаси, ва бошқа жойларни зарарсизлантириш ишлари мактаб ҳисобидан амалга оширилди.
Мазкур йилда ҳам ижтимоий ҳимоя муаммоларини ечишда касаба уюшмаси билан мактаб маъмурияти ҳамкорликда иш ташкил этиб келмоқда. Ҳамкорликда ўқитувчи ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, қуқукий ҳимоялаш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, маънавий-маърифий, соғломлаштириш бўйича жамоа шартномаларига киритилган тегишли вазифалар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажарилиши меъёрий ҳужжатлари, меҳнат шартномалари, ички меҳнат тартиб-қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш дафтари юритилиб, ўз вақтида ходимларга таништириб борилмоқда. Таклифлар ва талаблар ўз вақтида кўриб чиқилиб, меҳнат баҳсларини музокара йўли билан ҳал этилмоқда. Жорий йилда касаба уюшма аъзолари томонидан тушган 6 та ёзма ва 5 та оғзаки мурожатлар ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Ўқув йил давомида касаба уюшма ходимлари ўртасида турли маданий тадбирлар ўтказиш намунали йўлга қўйилган. 6 нафар касаба уюшма аъзолари нафақага тантанали кузатилди. 14 нафар ходимларга моддий ёрдам берилди. 4 нафар ходимлар санаторийларда соғломлаштирилди. Шунингдек, ўқув семинарлар ва кўрик танловлар ўтказилиб келинмоқда. Бу борада ҳомийларнинг кўмагидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Фахрийлар мактабда ташкил этилган анъанавий тадбирларга таклиф қилинмоқда ва беморлар, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябр­даги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим- тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108 сон фармонининг 9-бандига асосан, мактабда амалга оширилаётган ишлар ва эришаётган ютуқларимиз рағбати сифатида туман ХТБ томонидан мактаб директоримиз бепул сиҳатгоҳ йўлланмаси билан таъминланишига тавсия этилди.
Ҳуқуқларимиз бузилишининг олдини олиш ўзимизнинг қўлимизда. Ҳуқуқларимизни пой мол қилинишига йўл қўймаслигимиз керак. Бунинг учун ҳуқуқий билимларимизни янада мустаҳкамлашимиз зарур. Жамоа шартномаси ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилишини унутмайлик. Туманимиз мактабларидаги барча бошланғич ташкилот раислари ходимларни ишлашлари ва дам олишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиб беришда мактаб маъмурияти билан ҳамкорликни янада кучайтиришлари зарур.

Авазбек ЎРИНОВ,
туман ХТБ 22-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси

Улашинг: