Мусиқа ҳар бир инсон қалбига, айниқса болажонлар қалбига ҳам йўл очади. Боғчадаги ҳар бир гурухга бир хафтада икки марта мусиқа машғулотлари ўтказилади. Бирор тадбирга тайёргарлик жараёнида болаларнинг кўзларидаги мусиқага бўлган ҳавас, иштиёқни кўриб тинмай меҳнат қилавергинг келади.
Таълим ташкилотимиздаги 9 та гуруҳда 285 нафар эртанги кунимиз эгалари таълим ва тарбия олмоқдалар. Уларга ҳар жиҳатдан етук ва тажрибали тарбиячилар сифатли таълим ва тарбия беришга ҳаракат қилишмоқда. Ҳар бир машғулот ва суҳбатларнинг қизиқарли ва инновацияга асосланган ҳолда бўлишига жиддий эътибор қаратилган. Жумладан мен ўтаётган мусиқа машғулотларини ҳам шу кун талаблари даражасида бўлишига ҳаракат қилмоқдаман. Ҳар бир машғулотга пухта ҳозирлик кўриб, ўтиладиган 35 минутлик дақиқанинг ҳар бирини ҳисоблаб, пухта режа тузганман. Чунки мусиқа машғулотлари оддий ҳаваскорлик ёки номигагина бўлмаслиги шарт. Зеро тарбияланувчилар қалбига йўл очишда мен ўтаётган машғулотлар муҳим омил бўлади. Мен ўтаётган машғулотларим билан болалар қалбида мусиқага қизиқишни, тинглашни ва ноталарни ажратаолишни ўргатолсам ишимдан қониқаман. Даставвал улар билан овозни созлашни ўрганамиз. Сўнг ноталар билан таништириб бораман. Дастлабки жараёнда болаларбоп халқ оғзаки ижоди, лапарлар, айтишув ва аллалар ўргатилади. Шу билан бирга жаҳон композиторлари куйлари ҳам таништирилиб борилади. Ҳозирда эса болажонларга мақом сирларини ҳам ўргатиб бормоқдаман. Ташкилотимизда ўтаётган тадбирларда Азизбек Бердиқулов, Солиҳа Қодирова, Исломбек Рўзиев, Жасурбек Алиев сингари иқтидорли тарбияланувчилар «Ёввойи тановар», «Лазги» қўшиқларини ширин тиллари билан ижро этишиб, ота-оналари олқишларига сазовор бўлмоқдалар.
Бу даргоҳда мусиқадан сабоқ берини бошлаганимга ҳам 22 йил бўлибди. Бу ерда менинг машғулотларимда фаол бўлиб, ҳозирда турли мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган шогирдларим талайгина. Масалан Отабек Бегматов, Нодирбек Шерматов, Мухлиса Маъруфжон қизларини ўз ишлари билан жамоаларида ҳурматга сазовор бўлмоқдалар.
Хайрулло ҚОДИРОВ,
мусиқа раҳбари.