Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш тартиби қандай?

Мухбиримизнинг саволига Давлат кадастрлари палатаси Избоскан туман филиали бошлиғи Баҳодиржон Қамбаров қуйидагича жавоб қайтарди:
— Кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади. Кадастр паспортида мулкдор ва ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилмайди.
Кадастр паспортининг шакллари қуйидаги турлар бўйича белгиланади:
кўп квартирали уйдаги турар жойнинг кадастр паспорти;
якка тартибдаги турар жойнинг кадастр паспорти;
нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектининг кадастр паспорти;
ер участкасининг кадастр пас­порти;
қурилиши тугалланмаган объектнинг кадастр паспорти.
Кўчмас мулк объектига кадастр паспорти қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади:
кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи хатлов ишлари бажарилганда;
кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки ер участкаси алоҳида бўлинганда (бунда икки қисмга алоҳида кадастр паспорти шакл­лантирилади);
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилгандан сўнг уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганда;
ер участкасининг майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда;
кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда;
кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгарганда;
ўз ер участкасида тегиш­ли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд бўлганда.
Кадастр паспортини олиш ҳамда белгиланган тартибда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчининг ихтиёрига кўра бир вақтда ёки алоҳида мурожаат қилиш мумкин.
Белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатларига кўра объектнинг қурилиши (реконструкцияси) тугалланган тақдирда, битта сўровномага асосан кадастр паспорти, объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси, кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги реестрдан кўчирма бир вақтда берилади.
Кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашё­вий ҳуқуқлар вужудга келганда, бош­қа шахсга ўтганда, бекор бўлганда ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш ёки қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мурожаат қилинганда, ариза берувчининг ихтиёрига кўра қоғоз ёки пластик шаклдаги кадастр паспорти берилади.
Кадастр паспортини тайёрлаш объектнинг мураккаблигига қараб қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
а) кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича:
кўп квартирали уйдаги квартира — 3 иш кунигача;
якка тартибдаги турар жой — 5 иш кунигача;
б) кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича:
умумий майдони 100 кв.м. гача — 5 иш кунигача;
умумий майдони 100 кв.м дан 1 000 кв.м. гача — 7 иш кунигача;
умумий майдони 1 000 кв.м дан 5 000 кв.м. гача — 10 иш кунигача;
умумий майдони 5 000 кв.м дан 15 000 кв.м. гача — 15 иш кунигача;
умумий майдони 15 000 кв.м дан 50 000 кв.м гача — 20 иш кунигача;
умумий майдони 50 000 кв.м дан ортиқ — 25 иш кунигача;
ажратилган ер участкалари бўйича — 3 иш кунигача.
Кадастр (йиғмажилди) пас­порти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки плас­тик шаклда янги кадастр пас­порти икки иш куни мобайнида берилади.
Кадастр паспортини бериш учун ундириладиган тўлов миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорига асосан белгиланади.
— Юқоридаги ва бошқа мулк тўғрисидаги саволлар билан фуқароларимиз мурожаат қилишлари мумкинми?
— Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини беришда кадастр идоралари ходимлари ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам беришга тайёрлар. Мабодо мазкур жараёнда кадастр ходимлари томонидан коррупцион ёки бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйилган тақдирда, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасининг “74-224-20-25” ёки “98-270-05-24”, 74-312-38-61 “Ишонч” телефонларига хабар бериш мумкин.

Улашинг: