Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

«ХАЛҚПАРВАР» КОМИССИЯСИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ давлат томонидан тақдим этилаётган компенсация, субсидиялар ва бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаолларидан иборат «Халқпарвар» комиссияларини ташкил этиш ҳақида топшириқ берилган эди. Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 15 мартдаги қарорига асосан Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузурида «Халқпарвар» комиссияларини тузиш тартибининг Намунавий тартиби ва Намунавий Низоми тасдиқланди.
Президент фармони ижросини таъминлаш учун Олий Мажлис Сенати тасдиқлаб берган ҳужжатлар асосида туманимизда ҳам «Халқпарвар» комиссияси шакллантирилди. Низомда белгилангани бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши раиси томонидан тавсия этилган номзод А. Холжўраев комиссия раиси этиб тасдиқланди.
Мазкур комиссияни тузишдан мақсад –маҳаллий ҳокимлик ҳамда масъул давлат идоралари томонидан уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилиши, қурилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, субсидия тўланадиганфуқароларни танлаб олиш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш борасидаги ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборатдир.
О. Позилов,
Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири.

Улашинг: