Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТАДБИРКОРЛИК ВА СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ

Мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун, шу жумладан тартибга солиш ва маъмурий юкни камайтириш ҳисобига тенг рақобат шароитларини яратиш, солиқ қонунчилиги талаб­ларига риоя қилиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш ва унинг тартибини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6098-сонли фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарори билан солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Мазкур Низомга мувофиқ, солиқ текширувлари қуйидаги шаклларда ўтказилиши белгиланди:
1. Камерал солиқ текшируви–солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.
2. Сайёр солиқ текшируви–солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунинг­дек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бош­қа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.
3. Солиқ аудити–солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.
Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган (давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текширишдан ташқари) сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, мазкур Низом билан текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиб­лари, текшириш ўтказилаётган тадбиркорлик субъект­лари ва текшириш ўтказувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Алишер Баиров,
Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳужжатли текширишлар бўлими бошлиғи

Улашинг: