Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

НАФС ҲАККАЛАК ОТГАНДА

кўзга ҳеч нарса кўринмас экан

дейди судланувчи А.А Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди раиси Ж. Якубхўжаев раислигида ўтган очиқ суд мажлисида ўз қилмишларидан минг бор пушаймон бўлиб. Лекин сўнги пушаймон ўзингга душман, деганлар.
Кўза кунда эмас кунида синади. А.А. қонунга ҳилоф равишда долларфурушлик қилар экан, бир кун келиб қилмишлари ошкор бўлишини, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинишини ҳеч ўйлаб кўрмаганди.
А.Р.га уч минг АҚШ доллари зарур бўлиб қолганини кимлардандир эшитди-ю, уйқуси қочди. Қандоқ қилиб бўлса ҳам мўмайгина даромадни қўлдагн чиқаргиси келмади. Ҳар 1 АҚШ долларини 10 520 сўмдан пулласа қанча пул ёнига қолишини ўйлаб уйқуси қочди. Нафси ҳаккалак отиб, тўғри фикрлаш уни тарк этди.
Шу йилнинг 13 январида харидор А.Р.дан 3050 АҚШ доллари эвазига 32 086 000 сўм олаётганида қувончи узоққа чўзилмади. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Очиқ суд мажлисида А.А. айбини тан олар экан, содир қилган ноқонуний ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ўзига тегишли хулоса чиқариб олганлигини, келгусида бундай қонунга ҳилоф иш қилмаслигини айтиб, енгиллик берилишини сўради.
Суд, судланувчи А.Анинг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва бошқа ашёвий далиллар билан ўз исботини топди.
Суд хукми билан А.А. базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари миқдоридаги 16.725.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Ашёвий далил — АТИБ “Ипотека банки” Андижон вилояти филиалида сақланаётган 3.050 АҚШ доллари миқдоридаги валюта қимматликлари давлат фойдасига мусодара қилинди. Ашёвий далил деб эътироф этилган 32.085.000 сўм пуллар Департамент Андижон вилоят бошқармаси молия-хўжалик бўлимига топширилганлиги инобатга олинди.
Эътибор бердингизми? Биргина нопок ҳаракат А.А.нинг оилавий бюджетига қанчалик зарар келтирди. Шундай экан ноқонуний долларфурушлик қилаётганлар вақтида кўзларини мошдек очиб олишлари зарур. Бир кун кўзалари синганда «аттанг» қилсалар, асқотмаслигини ўйлаб олсинлар.
Н.Қ.Тоштемиров,
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Андижон вилоят бошқармаси Избоскан туман бўлими инспектори, 3-даражали юрист.

Улашинг: