Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътил пуллари компенсацияси ундириб берилди

Избоскан туман адлия бўлими томонидан, Избоскан тумани, Гулистон МФЙ, Янги чек кўчаси, 3-уйда яшовчи фуқаро Ш.Нурматовнинг тумандаги 2-сон касб-хунар мактабида (собиқ Транспорт коллежи) 2009-2020 йиллар оралиғида фаолият юритиб, ишлаган даври мобайнида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари пулини тўланмаётганлигидан норози бўлиб, ушбу масалани қонуний ҳал этишни сўраб ёзган шикоят аризаси ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Ш.Нурматов тумандаги собиқ Транспорт коллежида ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 18 сентябрь куни Андижон вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасининг 99-сонли буйруғига асосан бекор қилинган. Ушбу буйруқда Ш.Нурматовни ишлаган даври учун белгиланган тартибда тўла ҳисоб-китоб қилиш ишлари собиқ Транспорт коллежининг бош ҳисобчиси зиммасига юклатилган.

Фуқаро Ш.Нурматовга ушбу даврлар мобайнида 2013 йилда 958.070 (тўққиз юз эллик саккиз минг етмиш) сўм, 2015 йилда 647.576 (олти юз қирқ етти минг беш юз етмиш олти) сўм, 2019 йилда 2.342.957 (икки миллион уч юз қирқ икки минг тўққиз юз эллик етти) сўм меҳнат таътили пуллари тўлаб берилган.

Бироқ, Ш.Нурматовга 2010, 2011, 2012, 2014, 2016, 2017 ва 2018 йилларидаги фаолияти учун жами 11.140.381 (ўн бир миллион бир юз қирқ минг уч юз саксон бир) сўм меҳнат таътили пуллари тўланмаганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
151-моддасига асосан, Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгилаб қўйилган.

Бўлим томонидан, туман 2-сон касб-ҳунар мактабига фуқаро Ш.Нурматовга ташкилотда ишлаган даври учун фойдаланилмаган меҳнат таътили пулларини тўлаш юзасидан тақдимнома киритилди.

Тақдимнома ижроси юзасидан, мактаб томонидан фуқаро Ш.Нурматовга фойдаланилмаган меҳнат таътил пуллари компенсацияси бўйича тўланиши лозим бўлган пул маблағлари тўлиқ тўлаб берилди.

 

Л.Турдиқулов,

Избоскан туман адлия бўлими

бошлиғи

Улашинг: