Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚАЧОНГАЧА ЖОН ҲОВУЧЛАБ ЎТИЛАДИ?…

Туманимизнинг марказий шоҳтўрткўчаси – Пойтуғ-Куйганёр, Пойтуғ-Чувама, Пойтуғ-Лўғумбек чорраҳасидан ўтувчилар хоҳ у пиёда, ҳоҳ транспортда бўлсин бу ердан ўтгунча «эсон-омон ўтиболай» деб жон ҳовучлайди. Нега, дейсизми? Ҳар куни соат эрталабки 8 дан бошлаб то қоронғу тушгунча бу йўлларнинг четларига қўйилган машиналар дастидан барчанинг ҳаловати йўқолади.
Лўғумбек йўналишдан Пойтуқ марказига кирувчи йўлга ҳартугул «Барчага йўл бўшатиб, ўнгга бурилиш мумкин» дейилиб, тирбандликнинг олди олингандай бўлибди. Ким бу ишга қўл урган бўлса ҳам кўпчиликнинг дуосини олмоқда. Лекин бу ерга келгунча тадбиркор киракашлар баъзи вақтларда машиналарини икки қатор қўйиб олиб, ҳаракатланишга ҳалақит бермоқдалар. Чувама-Даминбойчек йўли бошланишида ҳам шу аҳвол. Куйганёрга бошловчи йўлнинг бошини айтмаса ҳам бўлаверади. Тирбандлик қачонки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари келганда йўқолади. Бошқа вақт эса…
Бу ҳақда қуйидагича фикрлар билдирилди:
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори Салоҳиддин Эргашев:
-Йилдан-йилга автомобиллар тирбандлиги туфайли пиёдалар билан фожеалар кўпайиб бормоқда. Автотураргохлар йўқлигини инобатга олган ҳолда собиқ Ободонлаштириш бўлими биноси ўрнида автомобиллар турар жойи қурилаётганидан хурсандман. Аммо бу жой торлиги, туман марказида жойлашганлиги туфайли автомобил йўлини торлиги ҳамда у ерга кириб-чиқиш ҳаракатлари бор йўлда бўлганлиги бироз ўйлантириб қўяди. Автотураргоҳ ҳар томонлама қулай, ҳайдовчи ва пиёдаларга ортиқча муаммо туғдирмаслиги учун зарур лойиҳа асосида бунёд этилса ҳақиқатга тўғри бўлар эди.
Азизбек Вохидов, ҳайдовчи:-Қурилиши керак бўлган автотураргоҳдан барча ҳайдовчилар ҳам ҳурсанд. Лекин бу ерда айниқса темир йўл атрофида ноқонуний бозорчани кўриб ўзингиз ҳам хулоса қилиб олсангиз бўлади. Автомобилар хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур чоралар кўрилса, тирбандликнинг олдини олиш учун зарур йўл белгилари қўйилишини, бунга амал қилмаганларга муросасиз бўлишни таклиф қиламан.
Бу ҳақда мутасаддилар қандай фикр билдирар эканлар?!

Улашинг: