Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БОЛАЖОНЛАР ҚУВОНЧИ ЎЗГАЧА

Туманимиздаги Жонобод маҳалласи марказида жойлашган 48-мактаб­гача таълим ташкилоти ўтган йилда давлат инвестиция дастури асосида 3 миллиард 361 миллион сўм маблағ сарфланиб, қайта қурилди. Бугунги кунда замон талаблари асосида фойдаланишга топширилган бу масканда 210 нафар келажагимиз ворислари таълим ва тарбия олмоқда.
Тарбияланувчилар ва мактабга тайёрлов гуруҳларига 13 нафар ўз касбининг фидойилари бўлган педагог ва тарбиячилар сифатли машғулотлар ўтмоқдалар. Инглиз тили ўқитувчиси Ҳамидахон Полвонова, рус тили фани ўқитувчиси Дилхумор Комилова, мусиқа ўқитувчиси Гулбаҳор Валидинова, жисмоний тарбия мураббийси Зулхумор Тожибоевалар инновацион ғоялар асосида билим ва тарбия беришлари билан ҳамкасбларига ибрат бўлмоқдалар. Бу ерда машғулотлардан ташқари турли мавзуларда ўтказилаётган тадбирлар ҳам тарбияланувчиларда катта таассурот қолдирмоқда ва уларнинг мустақил фикрлашга ўрганишлари, дунёқарашларининг кенгайишларида ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, Буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишланган бадиий кечада жажжи ўғил-қизлар Амир Темурнинг ҳаётига оид саҳна кўринишлари, ўзлари ёд олган шеърлар ва қўшиқлари билан нафақат устозларини балки ота-оналарини ҳам ҳушнуд этдилар. Шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган тадбирларда ҳам улар ўз чиқишлари билан барчани лол этган эдилар.
–Аввал собиқ колхоз идорасида фаолият олиб борган ташкилотимизда маҳалладаги болажонларни тўла қамраб олишга имконият бўлмаганди,-дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Гулнозахон Бозорбоева.-Замонавий биномизни фойдаланишга топширилиши болажонлар ва ота-­оналар қалбига қувонч олиб кирди. Ҳар бир тарбияланувчи болажон етарли даражада шароит яратилганлиги, керакли ўқув қуроллари билан таъминланиши бизга ҳам куч-қувват бағишлаб, ўз ишимизга янада маъсулият билан ёндошишимизда муҳим аҳамият касб этди. Аҳил жамоамиз билан эртанги кунимиз эгаларини ҳар томонлама етук тарбия топишлари учун изланиб ишлашда давом этамиз.

М.Рустамов.
Суратда: 6-гуруҳ тарбиячиси Юлдузхон Камолова машғулот пайтида.

Улашинг: