Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ташаббуси билан апрель ойи «Соғломлаштириш ойлиги» деб эълон қилинди. Бу ой доирасида бизнинг 6 та оммавий гуруҳ фаолият олиб бораётган мактабгача таълим ташкилотида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жамоамиз билан келишилган ҳолда ҳар чоршанба кунини соғломлаштириш куни сифатида ўтказмоқдамиз.
Гуруҳларда тарбияланаётган 150 нафар келажагимиз ворисларининг соғлом ва дуркун вояга етишларини таъминлаш мақсадида белгиланган иш режалар асосида фаолият олиб бормоқдамиз. Боғчамизда тез-тез ўтказилаётган тадбирлар уларнинг таълим ва тарбиясида муҳим ўрин тутмоқда. Ота-оналарнинг бундай тадбирларга ташриф буюриши эса фаолиятимизга мазмун бағишламоқда. Яқинда ана шундай соғломлаштириш тадбирларидан бири — «Отам, онам ва мен спортчилар оиласи» мавзуи остида ўтказилди. Унда арқон тортиш, шахмат-шашка ўйини, куч синашиш каби мусобақалар ташкил этилди. Тадбирда тарбияланувчи Муҳаммаджон Бахтиёржонов ота-онаси Асқаров Баҳодиржон ва Соҳибахон, Хусанбоев Бобурбекнинг ота-онаси Маҳкамов Абдукарим ва Раҳимахонлар муносиб иштирок этишиб, ғолибликни қўлга киритдилар. Улар мактабгача таълим ташкилоти томонидан ажратилган совғалар билан тақдирландилар. Бундан ташқари таълим ташкилотимиз тарбиячилари ўртасида ўтказилган стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт мусобақалари ҳам қизғин ва беллашувларга бой бўлди.
Тарбияланувчиларимиз орасида Муҳаммадсолиҳ Козимжонов спортнинг бокс тури бўйича бир қатор натижаларга эришиб, ташкилотимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2014 йилда туғилганлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда туман, вилоят биринчиликларини қўлга киритиб, республикада ҳам муносиб ўрин эгаллади.
Гуруҳларда рус, инглиз тилларини ҳам ўргатиб борилиши ота-оналарни ҳам ҳушнуд этмоқда. Зотан тил билиш жаҳонни танишга қўйилган қадамдир. Боғчамиз ҳовлисига миллийлигимизни тараннум этувчи тандир, ўчоқ, сўрилар барпо этдик. Мўъжазгина музейимиз момоларимиз ёпинган паранжи-чачвон, кўза ва бошқа бир қатор диққатга сазовор буюмлар бор. Ота-оналарнинг ташаббуслари билан бу музейимизни кенгайтириш ниятимиз бор.Тарбиячилардан Муниса Асқарова, Саида Холдорова, ҳамшира Лазиза Рашидовалар мактабгача таълим ташкилотимизнинг нуфузини янада ошириш борасида ҳамжиҳатлик билан иш олиб бормоқдалар.
Раҳимахон Манопова,
21-МТТ директори.