Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТАРБИЯДА «БЕШ ТАШАББУС» МУҲИМ ОМИЛ

Мактабгача таълим ташкилотида таълим ва тарбия олаётган фарзандининг шу кун талаблари даражасида вояга етишида уларнинг ота-оналаринингг тез-тез бу ерга ташриф буюриб болажонларнинг тадбирларида иштирок этиши муҳим омил бўлади. Бу 46-мактабгача таълим ташкилоти директори Маҳбубахон Қипчоқованинг фикри.
– Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг «Беш ташаббус»и болажонларни тарбиялашда халқимизнинг миллий қадриятларини уларнинг онгига сингдиришда, одобли-аҳлоқли бўлишларида, касб-ҳунарга меҳр қўйишларида, мусиқа ва оҳангни тушуниб етишишларида асосий роль ўйнамоқда.-дейди у.- Бу тарбиячиларни ҳам изланишга, янгиликларни машғулотларга татбиқ этишга, билимларини мунтазам ошириб боришга ундамоқдаки, бу ўзининг ажойиб натижаларини бермоқда.
Мактабгача таълим ташкилотида жами 205 нафар жажжи ўғил-қизларга 8 нафар малакали тарбиячилар таълим-тарбия бериб келмоқда. Машғулотлар, айниқса, мусиқа раҳбари Бувинсо Ҳурбоеванинг мавзулари тарбияланувчиларнинг иштиёқини миллий куй, қўшиқларига бўлган қизиқишларини янада оширмоқда. Расм чизиш машғулоти жараёнида Дилфуза Жакбарова, спорт йўналишида жисмоний тарбия йўриқчиси Бегойим Рафиқова, китобхонликда эса Нафосат Мирзамаҳмудова ўз тажрибаларига ёндошган ҳолда болажонларни жисмонан бақувват, маънан ақл эгалари бўлишларида бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Мактабгача таълим ташкилотида Тўхтахон Пўлатова тарбияланувчиларга инглиз тилидан сабоқ бериш билан бирга, уларни Ватанни мадҳ этувчи шеърларни ёд олишларига чорламоқда. Тўхтахон Пўлатова ва мусиқа раҳбари Бувинсо Ҳурбоеванинг ҳамкорликдаги амалга ошираётган ишлари диққатга сазовор бўлмоқда. Ташкилотда бўлиб ўтадиган тадбирлар, байрам тантаналари уларнинг иштирокисиз бўлмайди. Ота-­оналар иштирок этадиган тадбирларда тарбияланувчилар ёд олган шеър, ижро этган қўшиқлари ва саҳна кўринишлари билан ота-оналар қалбини қувончга тўлдирмоқда. Ўрта гуруҳ тарбиячиси Дилрабо Мамадалиева томонидан ташкил этилган “Зумрадойлар давраси” номли моҳир қўллар тўгарагида қизалоқлар каштачилик, пазандачилик сирларини ўрганиш билан бир қаторда, саломлашиш, кийиниш одобларидан сабоқ олмоқдалар. Ўғил болалар эса турли ҳилдаги геометрик шаклларда қуриш, ясаш машғулотларида ўзларидаги ихтирочилик борасидаги билимларини ошириш билан бирга қизиққан касбларга бўлган муҳаббатларини мустаҳкамлаб бормоқдалар. Тарбиячилар томонидан ҳалқимизнинг миллий қадриятлари асосида ўзбек ҳалқ эртаклари қаҳрамонларини акс эттирувчи расмлар, қўл меҳнати орқали қўғирчоқлар ясалиб, таълим бериш жараёнида фойдаланиб келинаётганлиги болажонларни келажакда жисмонан етук, баркамол, Ватанга содиқ фарзандлар бўлиб етишишларида катта омил бўлишига шубҳа йўқ.
М.Рустамов
Суратда: МТТ директори Маҳбубахон Қипчақова тарбиячилар билан.

Улашинг: