Тарихнинг олтин зарварақларига муҳрланган буюк жасорат келажагимиз ворисларини Ватанга муҳаббат, халқига, миллатига садоқат, миллий қадриятларимизни улуғлаш руҳида тарбия топишида, комил инсон бўлиб етишишида муҳим омил бўлади.
Мустақил Ўзбекистонимизда фаровон ҳаёт кечираётган халқимиз учун энг буюк неъмат бу — тинчлик-осойишталик ва соғлик-саломатлик, хотиржам имкониятига яраша бемалол меҳнат қилишдир. Зеро, тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Фаровонлик, тараққиётнинг гарови ҳам тинчлик-хотиржамлик.
Азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз, маънавиятимиз бор. Уларнинг барчасида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, вайронагарчилик, ҳалокат келтирувчи уруш эса қораланади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам. Рақамларга мурожаат қилсак, Иккинчи Жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилганини, улардан 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетганини, 538 мингдан зиёд ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлганини англаймиз. Уларнинг қаторида туманимиз фарзандлари ҳам бор эди. Бу урушга сафарбар этилган юртдошларимизнинг кўплари қайтиб келмади. Айримлари бедарак кетди. Шу билан бирга жангларда гитлерчиларга қарши мардоновор жанг қилиб, жасорат кўрсатган мард юртдошларимиз ҳам борки уларнинг номи тоабад дилларда. Қўшоқбой Бадалов, Қўчқорбой Йўлдошев, Мамазулун Мадраҳимов, Одашали Умрзоқов, Абдуманноб Бозоров, Холжўра Ғозиев, Латифжон Мамажонов, Абдупатто Турғунов, Бурхонжон Аҳмедов каби юзлаб туманимиз ўғлонлари фашистларга аёвсиз қирғин келтирдилар.
Уларнинг кўрсатган мардликлари, жасоратлари ҳақида ҳар қанча ҳикоя қилсак, мадҳ этсак оз. Бугунги кунда орамизда яшаётган, саноқли қолган уруш қатнашчилари, фронт ортида оғир меҳнат машаққатини чекканлар оз бўлсада бор. Улар билан биргаликда ўтганларни хотирлашимиз, ёнимизда бўлганларни қадрлашимиз керак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши юртимизда истиқомат қилаётган кекса авлод вакилларига, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин далили бўлди. Қайд этиш жоизки, ўтган қисқа даврда кекса авлод вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаб бориш тартиби жорий этилди. Фармонда 1941 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш кўзда тутилди.
Ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тайёрланган Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг иш режаларига мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларини моддий-маънавий рағбатлантириш тадбирлари ҳам амалга оширилади. Туманимиздаги ногиронлар, ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан кенг кўламда хабар олинади. Мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида жойларда жамоатчилик ва ёшлар билан учрашувлар ташкил этилади.
Зотан инсон бор экан, хотира — муқаддас. Ҳеч ким ва ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқимиз бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳар бир киши хотираларимизда мангудир.
ТАРИХГА МУҲРЛАНГАН БУЮК ЖАСОРАТ
Ўхшаш хабарлар Жамият саҳифасидаги мақолалар »