борган табаррук ҳамюртимиз ҳаёт бўлганларида 101 баҳорни қаршилаган бўлардилар
Туман Давлат архиви ҳужжатларини кўздан кечирар экансиз Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, 1-гуруҳ ногирони Маҳкамбой Бозорбоевга оид иш юритув папкасига бефарқ бўлмайсиз. Ундаги маълумотларни ўқир экансиз бу ҳамюртимизнинг Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Избоскандан то Берлингача борганини билиб оласиз.
Жонобод қишлоғида таваллуд топиб, 7-синфни тугаллагандан сўнг Пойтуғдаги 3-мактабда иш бошлаганига эндигина икки йил бўлганида Иккинчи Жаҳон урушининг шум тўлқинлари бу ергача етиб келди. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ ҳарбий хизматга сафарбар қилинган Маҳкамбой Белоруссия, Украина, Сталинграддаги аёвсиз жангларда қатнашди. Танкчилар қисмида артиллериячи, пулемётчи бўлиб фашист газандаларига қирон келтирди. 1943 йил урушнинг айни қизиган пайтида бошидан жароҳат олиб, Харьковдаги ҳарбий госпитальда даволаниб чиқди. Сўнг яна жангларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсата бошлади. Мард йигитни ўлим ҳам четлаб ўтади, деганларидай бир неча бор сафдошлари Иванов, Левченко, Борис, Бўронов, Кенжаев, Собировларни ўлимдан қутқариб қолди.
Берлин учун бўлган жангларни асло ёдидан чиқармасди. Фашист газандалари мағлуб бўлганини тан олмасдан ҳар бир қарич ер учун жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатар, ҳатто вояга етмаган болаларни ҳам жангга киритарди. Лекин уруш тақдири ҳал бўлиб бўлганди. 1945 йилнинг 9 майида Берлинга ғалаба байроғи тикилгандан кейин ҳам турли жойларда душман қолдиқларини тозалашдаги жангларда фаол иштирок этди.
1946 йилнинг август ойида кўкси орден ва медалларга тўла она қишлоғига соғ ва омон қайтиб келди ва 3-мактабда ўқитувчилик фаолиятини давом эттира бошлади. 1947 йилда уйланиб, турмуш ўртоғи Рўзихон опа билан Раҳмонжон, Садбархон, Рофиқжон, Равшанбек, Рустамбек, Ҳайитбой, Одинахон исмли фарзандларини тарбиялаб вояга етказдилар. 1950 йилдан то 1980 йилга қадар Жонободдаги 9-мактабда ўқитувчилик қилди. 1981 йилда уруш жароҳатлари безовта қилганлиги учун ҳам шифокорлар уни Иккинчи Жаҳон уруши 2-гуруҳ, сўнг умрбод 1-гуруҳ ногирони этиб нафақага чиқардилар.
Бугунги кунда Маҳкамбой отанинг ҳар бир босиб ўтган йўли барчамиз учун намуна. Бундай табаррук инсонларнинг номлари ҳеч қачон қалблардан ўчмайди. Уларнинг жасорати ва мардликлари мангудир.