Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

НОМИ ТИЛЛАРДА ҲАМОН

Иккинчи Жаҳон урушида жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатган избосканлик ўғлонларнинг яна бири Мамадали Суяров эди.
У 1919 йил 5 июнда туманимиздаги Ботиробод қишлоғида таваллуд топганди. Ёшлигидан ғайратли, ташаббускор, танти йигит бўлган мақоламиз қаҳрамони 1939 йилда, 20 ёшида, ариза ёзиб, кўнгиллилар қаторида Финландия фронтига урушга жўнайди. 1941 йил июнь ойида немис-фашист босқинчилари собиқ СССРга қарши хиёнаткорона уруш очади. Мамадали хизмат қилаётган полк ҳам гитерчи фашистларга қарши жангга киради. Фашистларнинг босиб олган ерларида аҳолига кўрсатган ёвузлик­лари, қонхўрликлари унда душманга қарши чексиз ғазаб ва нафрат уйғотганди. Ҳар бир жангга кириш олдидан у «Сен қонхўрларга кун йўқ, сендай ғаламисларнинг бу дунё­да яшашга ҳақларинг йўқ» деб душманларга нафратини баён этарди. Мамадали жангга кирар экан, душманга омонлик бермасди. Ўзининг жасорати билан барча жангчиларга ўрнак бўларди.
У икки йиллик жангги давомида кўрсатган мардлик ва жасорати учун кўкраги орден ва медаллар билан тўлганди.
1943 йил қонли жангларнинг бирида Мамадали қаттиқ яраланади. Унинг кунлари ҳарбий госпиталда ўта бошлади. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан оёққа турди. Тузалиб, қувватга тўла кирмасданоқ жангга киришини баён қилиб ариза ёзди. Лекин ҳарбий комиссия унинг жароҳатларини ҳисобга олиб, туғилиб ўсган юртига қайтаришни лозим топди. Жанг майдонидан қайтган Мамадали она қишлоғига келиб ҳам тиниб, тинчимади. Бош бўлиб оқсоқланиб қолган “Шарқ Юлдузи” колхозини қариялар, аёллар ва болалар ёрдами билан оёққа турғизади. Қилинаётган меҳнатнинг тинчлик ва юрт фаровонлиги, урушнинг тезроқ тугаши учун зарурлигини уларга тушунтиради.Колхозчиларга тиргак ва суянч, мадад бўлади. 1978 йилга қадар мазкур колхозда раислик қилади. У бош бўлган йиллари колхоз гуллаб, яшнайди. Нафақага чиққандан сўнг ҳам ота умрининг сўнгига қадар эл-юрт хизматида бўлди, уларнинг дуосини олди. Мамадали Суяров 1997 йилда вафот этган бўлсада уни ҳурмат қилган, ишларини баҳолаган, кўмагини олган инсонлар қалбида порлоқ хотираси бир умр сақланиб қолади.

Улашинг: