Н.М. ақли–ҳушини йиғиб оладиган, тўғри йўлни танлай биладиган, фойдали меҳнат қилиб жамиятга фойдаси тегадиган ёшда бўлса-да, муқаддам жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 2015 йил 27 апрелдаги ҳукми билан унга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг 2016 йил 13 январдаги ажримига мувофиқ «Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 3-бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосидан озод қилинган.
Шунда унинг яқинлари Н.М.нинг ақли кирди, ахир қилган қинғир ишларидан пушаймон бўлди, энди фойдали ишга қўл урар, деб умид билдиргандилар. Тўғри-да боши тошга теккан одам бундан ўзига яраша хулоса чиқариши керак ҳамда. Лекин Н.М. бундай қилмади. Ўзининг тўғри йўлга кириши, ҳалол-пок меҳнат қилиши, ҳамқишлоқлари, қариндош — уруғлари олдида мағрур, бошини тик кўтариб юриши учун берилган имкониятнинг қадрига етмади. Бирор ерда муқим ишлаб, пул топиш ўрнига қалтис қадамларини яна ташлай бошлади. «Менга дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингни айтиб бераман» деган экан яхшилар. Унинг судланиб, панжара орти тупроғини ялаб чиққанини билган ҳамтовоқлари яна уни қинғир ишлар сари судрай бошладилар. Н.М.нинг бир зумда аввалги пушаймонлари, ялиниб, ёлборганлари ёдидан чиқди, қўйди. Юриш-туриши ўша дўстлари билан бўлиб, қадам олиши бежо бўла бошлади.
Қирғизистон Республикасида яшовчи ўзларини «Шерзод», «Иброҳим» деб атовчи кимсалар билан бир гуруҳ бўлиб, жиноий тил бириктиришни ўйлай бошлади. Ниҳоят Қирғистон Республикасидан «Иброхим» унга телефон қилиб, юк борлигини, агар уни Ўзбекистон республикаси ҳудудига ўтказиб берса 150 000 сўм хизмат ҳақи беришини айтади. Н.М.бу таклифга рози бўлиб, Ўзбекистон республикаси Давлат чегараси тўғрисидаги Қонунни бузиб, давлат чегараларини кесиб ўтишдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмай, қонунга ҳилоф равишда Пахтаобод тумани Тошқўрғон МФЙ ўрамидаги чегара ўтказиш пункти ҳисобланмаган айланма йўллар орқали «ўзбек-қирғиз» давлат чегараси чегара сим тўсиқлари орасидан Қирғизистон Республикаси ҳудудига-Бурганди қишлоғига ўтган. Бу ерда «Иброхим» ва «Шерзод» билан кўришиб, юкни қабул қилиб олган. У ердан яна айнан ана шу йўл орқали «Шерзод» исмли шахс ёрдамида чегара сим тўсиқлари орасидан жами баҳоси 9.391.140 сўм бўлган 87 турдаги 319 дона парфюмерия маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб ўтаётганида шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. «Шерзод» исмли шахс эса Қирғизистон Республикаси ҳудудига қочиб, яширинган.
Судланувчи Н.М. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, енгиллик берилишини сўради. Унинг жинояти ўзининг иқрорлиги, гувоҳларнинг кўрсатмалари, тегишли баённомалар ашёвий ва бошқа шу жиноий ишга оид далиллар билан исботини топди.
Суд Н.М.ни Ўзбекистон Республикаси Ж.К.нинг 223-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбли деб топди ва ЖК.нинг 57-моддасини қўллаб, уч йил озодликдан махрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилади.
Ашёвий далил-9.391.140 сўмлик 87 турдаги 319 дона парфюмерия маҳсулотлари давлат фойдасига мусодара қилинди.
Мирза АҲМАД.