Мен ҳар доим “Пахтакор” газетасини ўқиганимда ёшлик йилларим ёдимга тушади. Таҳририят ҳовлисидаги нилуфар гуллари билан қопланган фонтан, мевали боғ, турли анвойи атиргуллар…
У ердан уйга кетгим келмасди. Отам Муроджон ака Султонов қоронғи хонада далама-дала, ташкилотма ташкилот юриб фотоаппаратга муҳрлаган расмларни чиқариб, муҳаррирга топширгунча мазза қилиб ўйнар эдик. Онам Ҳалимахон ҳам ўн йилдан зиёд таҳририятда ишлаганлар. Уйда дастурхон устида ҳам эртанги газетага қандай мақола тайёрланаётгани, дадам вилоятга, нашриётга бугунги расмларни “клише” (у пайтларда расмни темирга кўчириб, кейин газетага босилар эди) тайёрлатиш учун ташлаб келгани ҳақида суҳбатлашишар эди. Ҳозир отам ва онам бу дунёни тарк этганлар. Улардан 3 нафар фарзанд қолдик. Уларнинг ҳалол меҳнатлари самараси ўлароқ Ватанимиз, эл-юртимизга асқотадиган касбларда ишлаб келяпмиз. Хотира ва Қадрлаш куни яқинлашгани сари уларни қўмсайман, бағримга босгим келади. Руҳлари шод бўлишини доимо Аллоҳдан сўрайман.
Қалби тўла нурга тўлган,
Ҳар кунимда дуо қилган,
Меҳнат қилиб ҳеч толмаган,
Отажоним меҳрибоним.
Меҳрингизни соғинаман,
Дардим ичимга ютаман,
Эслаб сизни кўргим келар,
Онагинам меҳрибоним.
Хотирангиз мангу бўлсин,
Қабрингиз нурга тўлсин,
Дуоларим сизга тегсин,
Отажоним меҳрибоним,
Онажоним ширинсўзим.
САЛИМАХОН ЙЎЛДОШЕВА.
18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.