Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲАР БИР КАСБНИНГ ЎЗИГА ЯРАША МАЪСУЛИЯТИ БОР

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша масъулияти бор-дей­ди, етмиш ёшни қаршилаётган Убайдулла ака Орипов. — Бардош ва сабр билан ишласангиз қийинчиликлар ортда қолар экан.
У ўзининг касб фаолияти давомида собиқ иттифоқ давридаги машаққатларни ёдга олар экан, ҳозирги эмин, эркин замонда ғайрат, шижоат кўрсатиб юртимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб бораётган ёшларга ҳавас билан боқади.
Туячи маҳалласида туғилган Убайдулло, ўрта мактабни битиргач, 1969 йили Тошкентдаги Молия техникумига ўқишга киради. Ўқиш давомида ҳарбий хизматга чақирилиб, Украинада йигитлик бурчини адо этиб келади.
Ўқишни 1973 йили битириб, туман ижтимоий таъминот бўлимида иш фаолиятини бошлайди. Ўша пайтларда колхозларда ишлаётган аёлларни ҳомиладорлик варақаларини назорат қилиш Убайдуллонинг зиммасида эди.
— Назорат инспектори бўлиш ўта маъсулиятли вазифа эди, — дея сўзини давом эттиради Убайдулло ака. — Айниқса 1982 йилларда колхозчиларга пенсия тайинлаш бўйича инспектор бўлиб иш олиб борган пайтларни эсласам, инсонларнинг сабр-тоқати, чидам–бардошига тасаннолар айтгим келади. Чунки иш вақти 9.00 дан 17.00 гача белгиланган бўлсада, ҳатто кечгача туманнинг чекка-чекка ҳудудларидаги колхозларда бўлиб, тун ярмида яёв юриб уйга келган кунлар ҳам бўлган.
Нафақа тайинланиши керак бўлган ҳар бир фуқаронинг ҳужжатларини тайёрлаш билан бирга унга доир гувоҳларни йиғишни ўз вақтида ташкил этиш, ҳалқимиз тили билан айтгандай “минг бир чиғириқдан ўтказиш” катта маъсулият билан бирга ортиқча вақт сарфланишига олиб келарди. Шу билан бирга ғўзани яганалаш ва пахта теримида колхозларга “Агитатор” (ишни фаол ташкиллаштирувчи) сифатида ортиқча вазифалар юклатилишидан безор бўлиб кетардик. 1989 йилдан “Октябрь 50 йиллиги” совхозида йўриқчи бўлиб иш олиб борган Убайдулло ака ҳалқ орасида ўз касбига садоқати, ҳалоллиги билан обрў-эътибор қозонди. Бу орада меҳнат фаолияти билан боғлиқ муваффақиятларга эришиб, кўплаб фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар соҳибига айланди. Убайдулло аканинг турмуш ўртоғи Қўзихон ая унинг меҳнат, машаққатларига шерик бўлиб, эл-юрт корига ярайдиган 6 нафар фарзандларни вояга етказиб, уйли-жойли қилган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлигини эслаб, бир оз ўйга толади. 32 йиллик меҳнат тажрибасига эга, меҳнат фаҳрийси Убайдулло ака Орипов фарзандлари, келинлари, набиралари билан кенг дастурхон атрофида жам бўлар экан, бундай жаннатмакон юртда яшаётганлигидан мамнун ҳолда, чин дилдан ҳалқимизнинг манфаатлари учун тиним билмаётган Юртбошимизга эзгу тилакларни тилаб қўлларини дуога очади.

Суратда: Убайдулло ака Орипов.

Улашинг: