Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ  БАЖАРИЛИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида “Маҳсулот етказиб бериш” шартномаси бўйича кўрилган ишлар 28 та бўлиб, шундан 26 таси қаноатлантирилган, 2 таси иш юритиш тугатилган. “Контрактация” шартномаси бўйича 147 та иқтисодий низолар кўрилган, шундан 146 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган. “Пудрат шартномаси” бўйича 6 та иқтисодий ишлар кўрилган, 4 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган, 1 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Шунингдек, “Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш” шартномаси юзасидан кўрилган ишлар 10 та, шундан 8 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган, 1 таси иш юритиш тугатилган. “Кредит” шартномаси юзасидан 16 та ишлар кўрилган, шундан 15 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган. “Коммунал хизмат кўрсатиш” шартномаси юзасидан 6 та ишлар кўрилган, 5 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган. “Суғурта” шартномаси юзасидан 1 та иш кўрилган ва қаноатлантирилган.

Кўрилган иқтисодий ишларнинг аксариятида иккинчи тараф томонидан шартнома шартларини ўз вақтида бажармаганлиги сабабли низо келиб чиққан.

Жумладан, Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Тошхон пиллакор” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, 2021 йил февраль ойида Избоскан туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, “Олтин мато текс” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 38713998 сўм асосий қарз, 7742799 сўм жарима ундиришни сўраган. Гарчанд, “Тошхон пиллакор” фермер хўжалиги билан “Олтин мато текс” масъулияти чекланган жамияти ўртасида “Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномаси” тузилган бўлиб, ушбу шартноманинг 4.3-бандига асосан, даъвогар томонидан 2020 йил ҳосилидан жавобгарга етказиб берилган пахта хом ашёси учун топширилган маҳсулот қийматининг 100 фоизидан харажатлар чегирилганидан кейин жавобгар қолган қисмини 2020 йилнинг 31 декабргача тўлаб берилиши белгиланган.  Бироқ, “Олтин мато текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан шартнома шартларини ўз вақтида бажарилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси палата аъзоси Андижонёғмой акциядорлик жамияти манфаатда, жавобгар- Машхур Абдулхай ерлари фермер хўжалиги ҳисобидан 739.836 сўм асосий қарз, 5.760.000 сўм жарима ундиришни сўраган. Ушбу даъво ариза иш юритувига қабул қилинган ҳолда мазмунан кўриб чиқилган. Кўриб чиқиш жараёнида Андижонёғмой акциядорлик жамияти билан Машхур Абдулхай ерлари фермер хўжалиги ўртасида “Мойли экинлар етказиб бериш бўйича контрактация” шартномаси тузилганлиги, шартнома шартларини фермер хўжалиги томонидан тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган.

Хусусан, шартноманинг 1-бандига кўра, хўжалик тайёрловчига 2018 йил ҳосилидан 8.0 гектар майдондан 9.6 тонна кунгабоқар дони топшириш, тайёрловчи эса хўжаликка ушбу шартномада белгиланган миқдорида кунгабоқар уруғи билан таъминлаш, етиштирилган маҳсулотни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.2-бандининг “г” хатбошисида, хўжалик тайёрловчига 2018 йил 30 октябрдан кечиктирмасдан шартномада белгиланган миқдорда ва ассортиментда сифатли маҳсулот топшириш мажбуриятини олган бўлсада, лекин жавобгар томонидан шартноманинг мазкур бандлари бажарилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси(бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса—иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга––тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари лозим даражада бажарилмаган тақдирда жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларни мунтазам равишда ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш лозим. Шундагина, жамиятимизнинг иқтисодий негизи юксалади.

Мазкур иқтисодий негизни шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида Избоскан туманида яшаб келаётган жисмоний шахсларни ва туманда фаолият юритиб келаётган юридик шахсларнинг ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш бўйича ҳафтанинг шанба кунлари судлар томонидан сайёр қабуллар ташкиллаштирилган.

Р.Г.Асқаров,

Избоскан туманлараро иқтисодий судининг судьяси.                   

Улашинг: