Мактабгача таълим соҳасида инновацион ғоялар асоси болаларнинг ўз хоҳиш-истагига қараб қизиқишларини қондириш, ҳар бир болани ҳурмат қилиш, севиш, унинг шахси ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш, бола шахси таълим-тарбия жараёни марказида бўлишига қаратилган.
Сир эмаски кейинги йилларда таълим-тарбия мазмуни, шакли, восита ва методларини янгилашга эътибор бериш, мактабгача таълимда инновацияларни излаш ва тарбияга татбиқ этиш кун тартибига айланди. Бу бежиз эмас албатта. Зотан мактабгача таълимда бошланган жараён мактабда изчил давом эттирилиши ўз самарасини беради.
Бизнинг ташкилотимизда келажагимиз ворисларидан 180 нафари оммавий, 52 нафари қисқа, 40 нафари пулсиз гуруҳларда малакали тарбиячилардан таълим ва тарбия олмоқдалар. Мен спорт йўриқчиси сифатида уларга инновацион ғоялар асосида машғулотлар ўтишга ҳаракат қилмоқдаман. Болажонларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда ўтаётган машғулотларим давомида уларга спорт билан шуғулланиш соғлик-саломат гарови, камолотга етиш омили эканини уларнинг онггига сингдириб бораман. Машғулотлар жараёнида турли беллашувлар, спорт ўйинлари, танловлар ташкил қилиб, бу борада олаётган кўникмаларини мустаҳкамлаб бораман.
Гуруҳлар ўртасида «Қувноқлар ва зукколар», «Биз спортчилар оиласимиз», «Спорт-дўстлик гарови» шиорлари остида ўтказилаётган беллашувлар, югуриш, тўрни олиб юриш, тўпни саватчага ташлаш, шашка мусобақалари тарбияланувчиларни спортга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда. Айниқса ота-оналарни жалб қилган ҳолда ўтказиладиган «Биз спортчилар оиласимиз» мавзуидаги споорт беллашувлари барча қатнашчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Бунда ота-оналар фарзандларининг спортга ошноликларини кўриб беҳад ҳурсанд бўлмоқдалар.
Машғулотлари мни янада сифатли ва самарали бўлишида раҳбаримиз Соҳибахон Бегматова, тарбиячиларимиздан Мукаррамхон Кенжабоева, методистимиз Муслимахон Олимоваларнинг кўмаклари беқиёс бўлмоқда. Улар машғулотларимни кузатишиб, ютуқларимни айтиш билан бирга йўл қўйган ҳато ва камчиликларимни тугатиш маслаҳатларини ҳам бермоқдалар.
Мен бундан буён ҳам ўз устимда ишлаб, билимимни ошириб бораман. Ҳар бир ўтадиган машғулотга «Мен бугун болажонларга нималарни аниқ ўргатаоламан?» деган саволни олдимга қўйиб тайёрланаман. Ўйлайманки бу ўз натижасини беради.
Мақсудахон ХОЛМАТОВА,
22-ДМТТи спорт йўриқчиси