Юртимизда кекса, ёши улуғ инсонлар ва пенсия ёшидаги фуқароларга хар томонлама ғамхўрлик қилиб келинмоқда. Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда пенсияларни тайинлашда қоғоз шаклидаги 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади. Айниқса иш стажи ва иш хақи тўғрисидаги хужжатларни йиғишда фуқаро ишлаган ташкилотларнинг тугатилиши ёки иш стажи ва иш хақи тўғрисидаги хужжатларни ташкилотлар томонидан архив идораларига сақлов учун топширилмаганлиги фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига хамда эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммоларни баратараф этиш, ёши улуғ инсонлар ва пенсия ёшидаги фуқароларга хар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш тизимни жорий этиш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 4 май куни “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102 сонли қарор имзоланди.
2022 йил 1 январдан бошлаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.
Тендер танловида пенсия ва нафақа олувчиларга энг яхши ва қулай шароит ҳамда арзонроқ хизмат ҳақи таклиф этган тижорат банки ёки бошқа иҳтисослашган ташкилот ғолиб деб белгиланади. Яъни, ушбу йўналишда соғлом рақобат муҳити яратилади ҳамда тижорат банклари ўртасида фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказишда шароитларни яхшилаш учун ҳаракатни рағбатлантиради (бугунги кунда ушбу тўловлар фақат Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи тўланмоқда).
Тендерда ғолиб бўлган тижорат банки ёки бошқа иҳтисослашган ташкилот томонидан пенсия ёки нафақани етказиб берганлиги учун 1 фоизигача хизмат ҳақи белгилаши мумкин. Пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиб бериш бўйича хизмат ҳақи харажатлари Пенсия жамғармаси ва республика бюджетидан тўлаб берилади. Бундан ташқари ушбу тизимни жорий этилиши натижасида фуқароларга қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилади:
“Режали тўлов” хизмати жорий этилиб, фуқаролар хоҳишига кўра ўзларининг пенсия ва нафақаларидан коммунал тўловлари, кредит ёки бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади (бугунги кунда ушбу тўловларни амалга ошириш учун фуқаролар пенсияни етказиш санасини кутишга мажбур);
фуқароларга исталган вақтда тижорат банки ва Пенсия жамғармасига келмаган ҳолда мобиль илова ёрдамида ёки “Call center”га мурожаат қилиш орқали ўзларининг пенсия ва нафақалари олиш шаклини (нақд пулда ёки банк картаси орқали) ўзгартириш имконияти яратилади (бугунги кунда ариза билан тижорат банки ва Пенсия жамғармасига ёзма мурожаат қилиши керак ҳамда тўлов шакли кейинги ойдан ўзгартирилади).
пенсия ва нафақаларни етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматларни фуқаролар томонидан баҳолаб бориш тизими жорий этилиб, тижорат банклари томонидан тўловлар кечиктирилганлиги учун жарима тўлаш тартиби татбиқ этилади (бугунги кунда тўловларни кечиктирилгани учун ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаган).
- 2022 йил 1 июлдан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали электрон тарзда олинади. Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади. Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
Маълумот учун: Избоскан туманида бир йилда ўртача 2 минг нафар фуқарога пенсия тайинланади. Унинг учун 14 та ташкилотдан 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилиб, уларни йиғишга 2 ойгача вақт сарфланади.
Пенсия жамғармаси Избоскан туман бўлими