Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТУРК СЕРИАЛЛАРИ СИЗГА ЁҚАДИМИ?

Бугунги кунда телевидение ҳақида гап кетадиган бўлса албатта турк сериаллари тилга олинади. Қизиғи шундаки сериаллар томоша қилишни аёлларимиз эгаллаб олган. Фарзандлар тарбиясида асосан уларнинг роли кўп бўлганлиги боис бу сериалларнинг таъсири қандай бўлишини ўйлаб кўриш вақти келди. Турк сериаллари Сизга ёқадими?
Мавлудахон Ўсарова, чевар. — Мен сериал кўрмайман. Чунки, мен вақтимни қизғонаман. 60 ёки 50 дақиқалик сериал кўргунча битта кўйлакнинг ярмини тикиб қўйишим мумкин. Аммо фикримни айтаман. Телеканалларда берилаётган турли сериаллар, айниқса турк сериалларидаги ҳаёт назаримда ҳаётимизга ҳам кириб, онгимизни сал бошқачароқ қилиб қўймоқда. Айниқса ёшларимиз онгига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти, десам муболаға бўлмайди. Кинодаги ҳаётни кўриб ёшларимиз ўзга миллатнинг туриш-турмушига тақлид қилишлари мумкин-ку. Мен бош­қа халқларнинг тилини, урф-одатини, тарихини ўрганишга қарши эмасман. Майли билимини оширсин. Лекин кинолардаги бизнинг менталитетимизга хос бўлмаган кўринишлар улар тарбиясига салбий таъсир қилмай қўймайди. Ахир қайси сериални кўрсангиз фарзандининг отаси бошқа бўлиб чиқади. Манманлик, зўровонлик, бойликка хирс қўйиш, ўзгаларнинг мол-мулкини ҳийла ва найранг билан эгаллаб олиш, қасос олиш… Айрим хонимларимиз ўзимизнинг кўйлакларимизни кийишга ор қилиб қолди. Нима эмиш турк кўйлак киймаса бўлмасмиш. Бунга танда қўйиш шу даражагача бориб кетяптики Туркиянинг либосини киймасак, тўйга боролмайдиган бўлиб қолдик. Сарполаримизда албатта туркларнинг либоси, ҳатто галстук, пайпоқ, совунгача. Ўйлаб кўрмаяпмиз: улар сериаллар орқали иқтисодини — кийимларига ҳавас уйғотиб, экспортни ривожлантиряпти. Булар орқали кўп нарсани йўқотяпмиз. Чўнтагимиздаги пулимизни ўзга давлатнинг маҳсулоти учун ўн баравар қимматига сарфлаяпмиз. Улар эса бизга ўхшаганларнинг пули орқасидан бойишмоқда. Ахир Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилаётган кийимларнинг ундан ками йўқку! Чеварлигим учун болаларимга барча кийимларни тикиб бераман. Қани бизларда ҳам Ўзбекис­тонда ишлаб чиқарилаётган кийимларни кийиб сериаллар олсак ва иқтисодимизга ана шундай ҳисса қўшсак, арзончилик бўлармиди?!.
Бир куни жамоат транспортида кетаётиб, икки эркак кишининг гаплашаётгани қулоғимга тушиб қолди. Улар ҳам кечаги турк сериали воқеаларини муҳокама қилиб кетишаётган эди:- “Нима бало, турк эркаклари хотини бировдан ошириб олган болани ҳам қабул қилаверарканми? “Зулайхо” сериалидаги Демирни айтаманда” бу сериалларни асло болаларга кўрсатиб бўлмайди. Кинолар кийимларга қўшиб фахшни ҳам тарғиб қиляпти. Ахир қаёққа қараб кетяпмиз? Мактабларда ҳам тарбиявий соатларда синф раҳбарлари болаларга айтса бўлар экан, улар ўқитувчиларининг гапини тезроқ олишади.
Шу ўринда ўзимнинг ҳам фикримни айтиб ўтсам. Опа-сингилларимиз бугунги кунда Туркия давлатларида дўконма-дўкон юриб, нафақат аёлларга, балки эндигина дунёга келган чақалоқларгача кийим-кечакларни Ўзбекистонга юборяпти. Очиқдан-очиқ кийимнинг нархи ёзилганини кўриб турсак-да, устига камида 100-120 минг сўм қўйиб берса ҳам харид қилаверамиз, чунки у Туркияникида.
Бугун ҳамма нарса пул билан ўлчанаётган замонда одамийликни, меҳр-мурувватни тарғиб этадиган киноларни кўрсак бўлмайдими?!
Ўзбек халқининг тарихий ва замонавий ҳаёти саҳифаларини миллий руҳда очишга қаратилган киноларнинг қайсидир жиҳатлари бугунги кун мафкурасига тўғри келмайди, дея таъқиқлашади, аммо четдан кириб келаётган фильмлар, сериаллар бугунги кун мафкурамизга тўғри келадими?
Тарихнинг баъзи саҳифалари ёпиқлигича қолган ва бундан бехабар ўтаётган ёш авлод бугунги кунимиз тарихга айланганида, ўз тарихини мана шундай сериаллар орқали яратадими?
Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева, Лутфихоним Саримсоқовалар ижро этган роллар ҳалигача ёдимиздан чиқмайди. Телеканалларимизда “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Келинлар қўзғолони”, каби фильмлар қайта-қайта қўйилаверса, фарзандларимиз ҳам шу киноларни кўришга ўрганишармиди? Ва бу кўникиш бизга фойда келтирса келтирадики, зарар келтирмайди. Аммо турк сериалларига тобора кўникиш, воқеа-ҳодисаларини табиий қабул қилиш ва оқибатда ҳаётимизни ўшанга мослаштиришга ҳаракат миллат маънавиятини таназзулга олиб келади. Буни унутмайлик, азизлар! Сизлар нима дейсизлар?! Сизларга турк сериаллари ёқадими?

ОЙИСТАХОН.

Улашинг: