Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёшлар форуми Андижон 2021» туманимизда ҳам тассуротларга бой бўлиб ўтди ҳамда кўзланган мақсадга эришилди, десак муболаға бўлмайди. Зеро форумдан кўзланган мақсад мактаб битирувчилари ҳамда 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ҳамда бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, асосийси жисмоний етуклик, ақлан теран, руҳан тетикликка чорлаш бўйича Андижон тажрибасини кенг тарғиб этишдан иборат эди.
Форум жараёнида унутилмас лаҳзалар-санъат ва спорт тадбирлари, турли соҳаларда меҳнат қилиб, халқимиз эътиборига тушган инсонлар, ёзувчи ва шоирлар, чемпионлар билан қизиқарли учрашувлар давомида мароқли суҳбатлар, меҳнат ярмаркалари, кўргазмалар қатнашчиларнинг қалбида ёрқин таассурот қолдирди.
2-умутаълим мактабида тез айтиш танлови, 7-умумтаълим мактабида шоҳ ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур ғазаллари мутолааси жонли ва жозибалилиги билан ёдда қоларли бўлди. 38-умумтаълим мактабида Кроссвордлар, 50-умумтаълим мактабида СOVER қўшиқлар, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши биносида Ёш Менделеевчилар, Агросаноат техникумида Баҳру-байт ва қўшиқлар, Андижон истисослаштирилган санъат мактабида чизмачилик ва тасвирий санъат танловларида ёшларимиз ўз иқтидорларини намоён этдилар.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг асосий биносида баскетбол спорт мусобақалари, «Динамо» ўйингоҳида миллий ўйинлар, 2-сон касб-ҳунар мактабида спортнинг Дзюдо тури бўйича, Чувама қишлоғининг Гуркиров маҳалласида жойлашган бокс залида Республикамизнинг таниқли спортчилари иштирокида бокс мусобақалари бўлиб ўтди.
Туман Адлия бўлими биноси ҳудудида ўтказилган COVER қўшиқлар танлови яхши ташкил этилганлиги билан эътибор қозонди.
Секторлар раҳбарлари—туман ҳокими С. Исмоилов, туман прокурори З. Рустамов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Б. Баҳромов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Л. Қурбоновлар очилиш тадбирларида қатнашиб, қатнашчиларни форум билан табрикладилар ҳамда мусобақаларда, танловларда муваффақият тиладилар. Тадбир меҳмонлари — вилоят маънавият маркази бўлими раҳбари Муроджон Ғофуров, Бобур халқаро фонди раиси ўринбосари Рустамжон Солиев, Бобур халқаро экспедицияси аъзоси ёзувчи Қамчибек Кенжа ва ишлаб чиқариш илғорлари тантаналарда иштирок этдилар.
Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлар” каналига тўғридан-тўғри намойиш этилган шеърхонлик тадбирида Бобурнинг ғазалларини эҳтиросларга берилиб, ифодали ижро этган ёшларнинг сони кўп эканлиги барчани ҳурсанд этди. Тадбир давомида таниқли санъаткорлар ўзларининг қўшиқлари билан саҳнага ёшларни рақсга чорладилар. Ёшларнинг қалби қувонч, эҳтирос, мамнунлик ҳиссиётларига тўла ўтган тадбир якунида ғазалхонлик бобида энг фаол ёшларга меҳмонлар совғалар, бадиий китоблар тақдим этдилар.
“Ёшлар форуми Андижон 2021” фестивали якуний тадбири “Динамо” ўйингоҳида бўлиб ўтди. Унда мусиқали концерт дастури билан бирга “Ёшлар форуми”да муваффақиятли иштирок этган ёш ўғил-қизлар, уларнинг мураббийлари ҳамда тадбирни ташкил этилишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган корхона-ташкилотлар туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Абдуносир.