«Избоскан агро пилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тўланбой Юсуповнинг айтишича жорий йил ҳосили учун жами 4125 қути уруғликдан 2500 қути “Хориж”, 1625 қути “Маҳаллий” ипак қурти жонлантирилиб, пиллакорлар томонидан парваришланди.
Пиллакорларга ипак қуртини парваришлашга барча шарт-шароитлар яратилиб берилди. Улар зарур жиҳозлар билан таъминландилар. Туманимизда бу йил 231 тонна чилги ҳосил етиштириш мўлжалланган. Халқимизда “Чилги ҳосил” дея аталган пилла ҳосилини йиғиштириб олиш ва белгиланган режаларни ортиғи билан бажариш пиллакорларнинг асл мақсади.
Жумладан «Избоскан саҳоват замини»,«Ниёзов Анваржон» оилавий пудратчилари режаларини ортиғи билан бажарган бўлсалар, «Майгир ҳосили», Маҳмуджон мероси», «Мирзақобил орзуси», «Чувама ҳосили», «Мард ўғлон замини», «Маматов Раҳимжон истиқболи» сингари фермер хўжаликлари пиллакорлари бошқаларга намуна бўлмоқдалар. «Урганжи» массивидаги «Бештерак» маҳалласида яшовчи Саломатхон Сатимова узоқ йиллардан буён ипак қурти парваришлаб келади.
— Ипак қурти парваришлаш жону дилим,-дейди у.-Тўғри, уйқусиз тунларни бошдан ўтказасиз. Аммо уларнинг тут баргини истеъмол қилаётганини кўришнинг ўзгача гашти бор. Пилла ўрашининг ўзи бир мўъжиза. Қаранг, кўзга кўринар кўринмас уруғдан ипак қурти ҳосил бўлади. У эса тут баргини еб, ипак берувчи пилла ўрайди. Буни кўриб Яратганнинг қудратига тан берасиз. Унга нисбатан меҳрингиз ортади. Қурт боқиш оила учун мўмай даромад. Ҳар тарафлама фойда. Оилавий меҳнатимиз зое кетмади. Белгиланган режани ортиғи билан уддалаш даражасида пилла етиштирдик.
Ҳа қисқа кунлар ичида туманимизда пиллани оммавий териш бошланади. Пиллакорларимиз эса бу йил мўл хирмон яратдилар. Демак бу соҳада ҳам юзимиз ёруғ бўлади,-дейди “Избоскан Агропилла” МЧЖ раҳбари Т. Юсупов.
М. РУСТАМОВ.
ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ
Ўхшаш хабарлар Иқтисодиёт саҳифасидаги мақолалар »
Ўхшаш хабарлар Сиёсат саҳифасидаги мақолалар »