сув исроф бўлишининг олдини олиш омили
Туманимизда ҳам сувни тежайдиган технологияларни қўллаш қизғин давом этмоқда. Шу кунгача 2970 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 118 та ҳўжалик юритувчи субъектлар билан шартномалар тузилди.
Тижорат банкларидан 88 та субъектлар ( 1 та Агрокластер ва 87 та фермер хўжаликлари) учун 19 миллиард 486 миллион сўм кредит маблағлари олинди. Томчилатиб суғориш технологияси учун 162 дона сув тиндиргич ҳовузлар қазилиши режалаштирилиб, ҳозиргача 134 та ҳовузлар қазилди. Шундан 77 тасига геомембрана тўшалди.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун сув хўжалиги ташкилотларидан 2 дона экскватор ҳамда ҳовузларнинг туби ва қияликларига қўл кучи ёрдамида ишлов бериш, геомембраналарни тўшаш ишларига 50 нафар сув ҳўжалиги ходими, қурувчи–пудратчи ташкилотларидан “Дебют” МЧЖдан ташқари, “Сильвер Дрип”, “Агро Нью Дрип” ва “Агро Позитив” МЧЖ ларидан жами 10 нафар ходим жалб қилинди.
Н. Жўраев массивига қарашли “Деҳқонов Қаҳрамон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Жўрабек Деҳқонов суғоришдаги янгилик ҳақида шундай дейди:
-Дунё миқёсида сув муаммоси борган сари кучайиб бормоқда. Бу эса ҳар бир томчи сувдан омилкорлик билан фойдаланишни тақозо этмоқда. Қишлоқ хўжалигида сувсиз бирор натижага эришиб бўлмайди. Сув исрофгарчилигининг олдини олишда ушбу технологиянинг афзалликлари тенгсиз. Мисол учун ҳар бир ғўза ниҳоли керакли вақтда маромига етказилиб суғорилади. Бир томондан ишчи кучи ҳам тежаб қолинади. Шунинг учун бизнинг фермер хўжалигимиздаги 10,5 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилмоқчимиз. Ҳозиргача эни 10х10 кенгликда,чуқурлиги з метр ҳовуз ковланиб, геомембраналар тўшалди. Бу билан ҳовузда 300 куб сув манбаи сақланади.Эндиликда 133 миллион сўм кредит эвазига кейинги босқичдаги ҳаракатларга қизғин киришиш тараддудида турибмиз. Бунда томчилатиб суғориш механизмини ишга тушириш учун трансформатор, насос, фильтр каби ускуналар билан бирга полиэтилен қувурлар, томизгичли ленталар олиб келиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Ш.Юсупов массиви «Яккатут Сайдулло» фермер хўжалигининг 15, Н.Жўраев массиви «Омаджон бўстони» фермер хўжалигининг 12, Ўзбекистон массиви «Солбоши зар тупроғи» фермер хўжалигининг10.8, Янгизамон массиви «Янги замон бўстони» фермер хўжалигининг 14, Урганжи массиви «Бойтўра ҳосили барака» фермер хўжалигининг 10 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиш ишлари жадал бормоқда.
М. Рустамов