Яқинда «Пахтакор» газетасида «Турк сериаллари Сизга ёқадими?» сарлавҳали мақолани ўқиб қолдим. «Бу ўйлантирадими?» рукни остида берилган бу мақолани ўқиб чиқиб, гапнинг рости ўйланиб қолдим.
Тўғриси кўпчилик қатори мен ҳам турк сериалларини ортидан қолмай, зарур ишларим бўлсада тўхтатиб қўйиб кўрардим. Мақолани ўқигач эса жудаям хато иш қилаётганимни англадим. Ахир бу сериаллар ёшларга тўғри йўл кўрсатмаяпти-ку! Чуқур мушоҳада қиладиган бўлсангиз, қабоҳат, разолат ва жиноятдан иборат сериаллар фарзандларимизни қайси йўлга етаклаяпти экан? Ўйлаб даҳшатга тушдим. Хотин-қизларга нисбатан зўрликни йигитларимиз шу сериаллар таъсирида қилмаяптимикан? Ўз жонига қасд қилишни, нотўғри йўлга киришни шу кинолар ёшлар онггига сингдирмаяптими? Турк сериаллари оилада зўравонлик тарғиб қилинишига сабаб бўлмоқда. Қаранг, турмуш ўртоғи бўла туриб, бошқа эркак билан ишқий муносабатда бўлган аёл ижобий қаҳрамон. Турмуш ўртоғиданмас унинг дўстидан фарзанд кўрган аёл-сериал қаҳрамони. Бу ёшларнинг тарбиясига таъсир кўрсатмай қоладими? Фикримча бундай сериалларга чек қўйиш лозим.
Ҳақиқатда кийимларимиз ҳам ўзгариб кетяпти. Чет эл кийими кийишга мубтало бўлиб қоляпмиз. Афсуски ўзимизнинг зўр кийим-кечаклар ўрнига четникини сотиб олиб, уларнинг бойлигига бойлик қўшаяпмиз. Гапираверсам гап кўп. Ижтимоий тармоқларда чиқаётган турли хабарлар ҳам ҳаммасидан ошиб тушяпти. Менимча ана шундай олди-қочдиларга, шармсиз хабарларга чек қўйиш вақти келди. Ахир сўз эркинлигининг ҳам чегараси бордир. Сўз эркинлиги деб оғзига нима келса қайтармай гапираверса, кўрганини телефонга тушириб тарқатаверса бу одобданми? Бу бизнинг асрлар бўйи шаклланган менталитетимизга тўғри келадими?
Х.Б. Тўрткўл қишлоғи.
Хорижий сериалларда беҳаёлик ва зўравонлик тарбиями?
Ўхшаш хабарлар Маънавият саҳифасидаги мақолалар »