Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мактабда ташкил этилган музей — бебаҳо мерос

-Телевизорда кўрсатилаётган музейлардаги экспонатларни кўриб мозийга қайтгандек бўламан. Ўтган замонлар билан дийдорлашиб, ўтган умрим лаҳзаларини сарҳисоб қиламан.

-Нимасини айтасиз. Музей-фарзандлар тарбиясида, ўтмишимизни билишда, ўзлигимизни англашдаги роли беқиёс. Аммо туманимизда ана шундай музей борми?

-Мен 20-умумтаълим мактабида ташкил этилган музейни биламан. Бошқа музей борлигини билмайман. Унда анчагина экспонатлар бор.

(Йўлдаги суҳбатлардан).

Суҳбат баҳона йўлимиз Лўғумбек қишлоғида жойлашган 20-умумтаълим мактаби томон тушди. 1932-33 йилларда  беш хонадан иборат бўлиб, «Оқ мактаб» номи билан аталган, 1934 йилдан бошланғич мактабга айланган билим масканининг 1-4-синфларида дастлаб 100 нафар ўқувчи билим олган. 1936 йилгача синфлар сони 8 тага, ўқувчилар сони 180 нафарга етган. Уларга 11 нафар ўқитувчи таълим ва тарбия берган. 1952-53 йилларда мактабнинг ўша вақтдаги директори С. Тожибоев ташаббуси билан 1940-41 йилларда 7 йиллик мактаб­га айланган ўқув даргоқи   биноси қишлоқ аҳли ёрдамида ўқитувчилар томонидан қайта қурилган. 1954 йил ўрта мактаб  мақомини олган билим маскани 1968 йилда замонавий қилиб қурилиб фойдаланишга топширилган.

Мактаб музейига эса бундан сал аввалроқ 1962 йилда директор Сотқинбой ака Тожибоев ташаббуси ва ҳаракатлари билан асос солинган экан. Музейга қадам ранжида қилган одам бу ерда 1000 дан ортиқ турли экспонатлар,  топилмалар халқимизнинг бой меросидан ҳикоя қилувчи антик давр кўзалари, асбоб-ускуналари билан танишиши мумкин. Ўтган асрларнинг бугунги кунда бебаҳо бўлган тангаларининг сақланганлиги, X-XIII аср ёдгорлик­лари, тош тегирмон, уловларнинг эгар-жабдуқлари кишида ажойиб тасаввурлар ҳосил қилади.  Бундан ташқари археологик маданият, илк давлат қурилиши, калтаминор маданияти, Хива, Бухоро, қўқон хонликлари ва уларнинг авлодлари, Аштархонийлар ва Минглар сулоласи, Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақидаги  маълумотлар мактаб музейи экспонатларининг қимматини янада оширмоқда. Буюк ипак йўли орқали савдога келган буюмларнинг сақланаётгани ҳам музей жозибасига жозиба қўшмоқда. 45 кунда битказилган Катта Фарғона канали қурилишида ўзбек халқининг меҳнати ва матонатидан ҳикоя қилувчи меҳнат қуроллари, Лўғумбек қишлоғи ҳамда Охунобоев номли колхоз тарихлари ҳам музейдан жой олган.

-Музейимиздаги экспонатлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин,-дейди музей ташабббускори бўлган С. Тожибоевдан меросни қабул қилиб олган мактабнинг собиқ тарих ўқитувчиси Абдумалик Абдурахмонов.-Лекин кўриб турибсизки, экспонатларни сақлаш ва жойлашда жой муаммоси мавжуд. Жой торлигидан экспонатлар қисилиб қолган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризмни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди. Туризмни ривожлантиришда эса музейларнинг алоҳида ўрни бор. Мактабимиз музейини ривожлантириш учун қўшимча бино зарур. Бир вақтлар Республикамизгагина эмас балки қўшни республикаларга ҳам «Лўғумбек боғи» деб донғи кетган боғнинг ёнида музей қуриш учун жой бор. Ана шу ерга музей биноси қурилса, экспонатлар сони янада кўпаяр, маънавий бойлигимиздан баҳраманд бўлиш имконияти кучаяр, бу келажагимиз ворисларининг тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатар эди.  Зеро экспонатларнимиз бир эмас, ўнта, ўн бешта хонага жойланса, бу ерга туристларни жалб этиш қулай бўлар эди. Ахир баъзи кенг ва катта ерларни эгаллаб олган музейларда тўрт ёки бешта экспонат намойиш қилиняпти холоску! Чунки ҳар бир экспонатнинг қайси даврга мансублиги, қаердан топилганлиги ва ҳакозо маълумотлар ёзилиб, алоҳида жойлаштирилса аниқ тарихий маълумотларни олиш имкони яратиларди.

-Яқинда «Республика йил ўқитувчиси» танлови тадбири мактабимизда бўлиб ўтди, — дейди мактаб директори Азизилло Абдукаримов -Унда иштирок этганлар, халқ таълими вазирлиги вакиллари музейга киришиб, ундаги экспонатларни кўришиб ҳайратларини яшира олмадилар. Наҳотки мактаб музейида шунчалик маданий мерос, чексиз маънавий бойлик бўлса, деб ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирдилар. Самарқанд археологик институти ҳамда «Олтин мерос»дан келишиб, аҳволни ўрганишиб кетдилар. Ёрдам қиламиз, деган эдилар ҳанузгача ўзгариш йўқ.

Мактабимизда музейни янада бойитиш, қишлоқ тарихини ёзиб қолдириш учун қилинадиган ишлар бисёр. Бу борада жамоамизга Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатида айтиб ўтган «Буюк алома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда  миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак» деган сўзлари ҳамда «Мамлакатимиз музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳар бир музейнинг каталогини яратиш лозим» деб қўйган вазифалари дастуриламал бўлмоқда.

Ҳозирда хорижий мамлакатларнинг музейларида сақланаётган буюк аллома, саркарда ва азиз авлиёларимизнинг бебаҳо қўлёзмалари, ҳаёти, фаолияти, маданияти ва илм-фан, ижодкорлигига  доир ноёб қўлёзмалар, экспонатларни мамлакатимизга қайтариш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Биз ҳам ана шу ҳаракатни қўллаб-қувватлаб мактабимиз, қишлоғимиз ва ундаги тарихий, маданий ва маънавий меросимизни авлодларга етказишда  фаол ҳаракатдамиз.

Ҳа, мактаб директори сўзларининг исботини биз мактаб музейидаги бебаҳо экспонатларнинг борлигида, мактабнинг собиқ ҳамда ҳозирда фаолият юритаётган тарих фани ўқитувчилари Абдумалик Абдураҳмонов, Муқаддасхон Каримова, Сарварбек Каримов, Мавлудахон Маҳкамова, Хабибулло Йўлдошев, Сарварбек Юсуповлар саъйи ҳаракатларида кўрдик. Улар бебаҳо меросни янада бойитиб келгуси авлодларга етказишда бор имкониятлардан фойдаланмоқдалар.

М. Мирзаабдуллаев,

Й. Исоқжонов.

Улашинг: