Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БОЛАЖОНЛАРГА МУНОСИБ ТУҲФАЛАР

“Дарёбўйи” маҳалласи ҳудудида жойлашган 20-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси шу кун талабларига жавоб бераолмасди. Ташкилот таъмири учун 2021 йил бошланишида туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 860 миллион сўм маблағ ажратилди ва 90 нафар болажонларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган ҳолда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Таъмирлаш ишларини Азизбек Толибжонов бош­лиқ “Андижон бетон қурувчи” масъулияти чекланган жамият бунёдкорлари амалга оширдилар.


— Янги бинонинг салобати, унда ўйнаб-қувнаб қувончларини таналарига сиғдиролмаётган болажонларни кўриб дилинг яйрайди, — дей­ди 20-Давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Ёқутхон Эргашева. — Жажжи ўғил-қизларимизни тарбиялаш, мукаммал таълим олиш­лари учун 5 нафар тарбиячиларимиз ҳамда инглиз тили фани ўқитувчиси Шоирахон Абдуллаева, мусиқадан Нигорахон Хўжамбердиева, жисмоний тарбиядан Мушарраф Хурбоевалар иш бош­ладилар.
— Таъмирдан чиқарилган бу мас­кан маҳалламиздаги 1031 та оилада жамланган 4015 нафар аҳоли учун ўзига хос совға бўлди, — дейди «Дарёбўйи» МФЙ раиси Зиёвиддин Нуритдинов.

— Бу Давлатимиз раҳбарининг келажагимиз ворисларига кўрсатаётган ғамхўрликларининг ёрқин бир ифодасидир. Бундан ота­оналарнинг қувончлари юзларида акс этиб турибди.

“Бўстон” маҳалласидаги 53-давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими ҳам маҳалла аҳлига ўзгача шукуҳ бағишлади. Янги, мукаммал таъмирдан чиққан ушбу бино туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 572 миллион сўм маблағ сарф этилди. Маҳалла аҳли бинони чиройли ва нафис ҳолатда таъмирдан чиқарган Хуршидбек Рустамов раҳбарлигидаги “FORVARD-GOLDEN ELEGAND» маъс­улияти чекланган жамияти қурувчиларидан хурсанд бўлдилар.
— Болажонлар қалбига йўл топишда, улар яхши шароитларда тарбия­ланиш­лари учун бу каби ҳар томонлама замон талабларига жавоб берувчи таълим масканлари сони кундан-кун ортиб бораверади. Шунинг учун ҳам бугундан бошлаб мен ва ҳамкасбларим мамнуният билан фаолият олиб боришга ҳаракат қиламиз, — дейди катта гуруҳ тарбиячиси Майлихон Неъматиллаева.
Очилиш маросимлари болажонлар ижро этган куй-қўшиқларга уланиб, катта тантанага айланиб кетди.
М.Рустамов.
Суратларда: 20- ва 53- давлат мактабгача таълим ташкилотлари очилишидан лавҳалар

Улашинг: