Ҳа, санамай саккиз дейман дегувчилар ҳар қадамда адашадилар. Бу туманимиздаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида ҳам ўз исботини топди. Санамай саккиз демоқчи бўлган боғча мудирасининг боши хам бўлиб, қилмишларидан пушаймон бўлди.
Судланувчи Ҳ.М. қўшни туманларнинг биридаги мактабгача таълим ташкилоти мудираси бўлиб ишлаётганди. Бемалол ўз ишига бориб келиб, ишдан бўш пайтларида оиласи даврасида хотиржам эди. Чунки унда ҳалоллик, чин дилдан ишлаш, масъулиятни ҳис этиш мужассам эди. Лекин, ўртада шайтон бор деганларида, бу сўзни айтганлар нақадар ҳақ эканлигини баъзи бировлар кечроқ англаб қоладилар. Ҳа, Ҳ.М. ҳам кейинги пайтларда меҳнатсиз келадиган бойликни ўйлайдиган бўлиб қолди. Шунча шайтонга ҳай берай деди, қўлидан келмади. Тарозининг ҳалоллик томонини енгил даромад топиш, бойлик орттириш томони босиб кетаверди.
Бу орада мактабгача таълим ташкилотига борувчи болалар қамровини кенгайтириш мақсадида қисқа муддатли гуруҳ очиш, қисқа муддатли гуруҳларга ходимларни ишга қабул қилиш ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мактабгача таълим ташкилоти раҳбари томонидан мустақил тарзда амалга оширилиши унга қўл келиб қолди. Зотан унинг раҳбарлигидаги «Оқтепа» МФЙда очилган қисқа муддатли гуруҳга ёрдамчи тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиш керак эди.
У қисқа муддатли гуруҳга текширувга бориб, у ердаги тарбиячига бир кишини ишга олиши кераклигини, бунинг учун 100 АҚШ доллари миқдорида харажати борлигини шипшитди. У бу пулни таъмир ва бошқа харажатлар учун ишлатилишини айтди. Лекин ишга кирувчи И.Қ. оиласида бунча миқдордаги пул йўқлигини айтиб, бу ҳақда тегишли ташкилотларга хабар берди. Судланувчи айтилган суммани қисқа муддатли гуруҳ биносида олганида тегишли идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Суд мажлисида судланувчи М.Х. айбига иқрор ва пушаймонлигини билдириб, қилган ишларидан пушаймонлиги, аёл киши экани, муқаддам судланмагани, пулни боғча сарф-ҳаражатлари учун олганлигини инобатга олиб, ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўради.
Судда судланувчининг жинояти ўзининг иқрори, ашёвий далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан ўз исботини топди.
Суд, судланувчи М.Х.га жазо тури ва миқдорини тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва хавфлилик даражасини инобатга олди.
Суд хукми билан судланувчи М.Х.га икки йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан махрум қилиниб, уч йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди ҳамда жазога амал қилиш давомидаги чекловлар билдирилди. Озодликни чеклаш ижроси Балиқчи туман ИИБ зиммасига юклатилди.
В.Сиддиқов,
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг судьяси.
