Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲАМИША АРДОҚДАЛАР

Пенсия тайинлашдаги муаммоларни бартараф этиш, ёши улуғ инсонлар ва пенсия ёшидаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш тизимини жорий этиш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 4 май куни “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102 сонли қарор имзоланди.
Қарорда қуйидагилар белгиланган: 1. 2022 йил 1 январдан бош­лаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда худудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.Тендер танловида пенсия ва нафақа олувчиларга энг яхши ва қулай шароит ҳамда арзонроқ хизмат ҳақи таклиф этган тижорат банки ёки бошқа иҳтисослашган ташкилот ғолиб деб белгиланади. Яъни, ушбу йўналишда соғлом рақобат муҳити яратилади ҳамда тижорат банклари ўртасида фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказишда шароитларни яхшилаш учун харакатни рағбатлантиради (бугунги кунда ушбу тўловлар фақат Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи тўланмоқда).
Тендерда ғолиб бўлган тижорат банки ёки бошқа иҳтисослашган ташкилот томонидан пенсия ёки нафақани етказиб берганлиги учун 1 фоизигача хизмат ҳақи белгилаши мумкин.
Пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиб бериш бўйича хизмат ҳақи харажатлари Пенсия жамғармаси ва республика бюджетидан тўлаб берилади. Бундан ташқари ушбу тизимни жорий этилиши натижасида фуқароларга қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилади: “режали тўлов” хизмати жорий этилиб, фуқаролар хоҳишига кўра ўзларининг пенсия ва нафақаларидан коммунал тўловлари, кредит ёки бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади (бугунги кунда ушбу тўловларни амалга ошириш учун фуқаролар пенсияни етказиш санасини кутишга мажбур);
* фуқароларга исталган вақтда тижорат банки ва Пенсия жамғармасига келмаган ҳолда мобиль илова ёрдамида ёки “Call center”га мурожаат қилиш орқали ўзларининг пенсия ва нафақалари олиш шаклини (нақд пулда ёки банк картаси орқали) ўзгартириш имконияти яратилади (бугунги кунда ариза билан тижорат банки ва Пенсия жамғармасига ёзма мурожаат қилиши керак ҳамда тўлов шакли кейинги ойдан ўзгартирилади).
* пенсия ва нафақаларни етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматларни фуқаролар томонидан баҳолаб бориш тизими жорий этилиб, тижорат банклари томонидан тўловлар кечиктирилганлиги учун жарима тўлаш тартиби татбиқ этилади (бугунги кунда тўловларни кечиктирилгани учун ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаган).
2. 2022 йил 1 июлдан бош­лаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали электрон тарзда олинади. Давлат пенсияларини та­йинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади. Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқиганлиги ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
Маълумот учун: Избос­кан туманида бир йилда ўртача 2 минг нафар фуқарога пенсия тайинланади. Унинг учун 14 та ташкилотдан 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилиб, уларни йиғишга 2 ойгача вақт сарфланади.
Пенсия жамғармаси Избоскан туман бўлими.

Улашинг: