Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ

Архивимиз фаолиятини бошлагандан буён бу жойда кўп­лаб эл севган инсонлар меҳнат қилиб, ҳамюртларимизнинг оғирини енгил қилганлар. Уларга зарур бўлган ҳужжатларни тиклашда сабр-қаноат ва қунт билан ишлаганлар. Бугунги кунда қутлуғ 83 ёшни қаршилаётган Усмонхон ака Эшонхўжаев ҳам узоқ йиллар ана шу соҳада фаолият кўрсатиб, эл дуосига сазовор бўлганлардан.
У 1946 йилда А. Навоий номидаги ўрта мактабни 1-синфига кириб, 1956 йилда имтиёзли битирди. 1957-1958 йилларда бош­ланғич синфларда ўқитувчилик қилиш жараёнида Андижон давлат Педагогика институтида сиртдан ўқиб, билимини мустаҳкамлади. 23-умумтаълим мактабида ўқитувчи, илмий бўлим мудири бўлиб ишлади. 1965 йил 28 декабрдан Избоскан давлат архивига инспекторлик вазифасига қабул қилинди. ­У.Эшонхўжаев иш фаолиятида Пахтаобод, Балиқчи, Избос­кан туманларидаги ташкилот ва муассасаларда иш юритиш, идоравий архивларда хужжатларни сақланиш ҳолатини яхши йўлга қўйиб, 34 йиллик ҳаёт фаолиятини архив ишини ривож­лантиришга сарфлади. Унинг жонбозлиги, ишга нисбатан ташаббускорлиги натижасида 1985 йилнинг июнь ойида Республикада биринчи маротаба давлат архивларида «Ҳужжатларни сақланиши ва идоравий архивларда иш юритишни ташкил этиш» мавзусида архивчиларнинг илмий амалий анжумани Избоскан давлат архиви базасида ўтказилди. Усмонхон ака архив ишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзархив агентлиги ва архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан кўп марта тақдирланган. Унинг тарбиялаган шогирдлари таълим соҳасида, архив соҳасида устоз ишларини давом этказиб, унинг маслаҳат ва ўгитлари билан архив ишларини ривожланишига ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
— Нафақага чиққан, суюкли неваралари ва эваралари оғушида кексалик гаштини сураётган Усмонхон ака тез-тез архивимизга ташриф буюриб туради, — дейди туман Давлат архиви бош­лиғи Ойбек Ғофуров. — Келганида бажарилаётган ишларни кўриш билан бирга шогирдларига доно маслаҳатларини беради. Ана шундай фахрларимиз билан жамоамиз аҳил ва ҳамиша изланишда.

Улашинг: