Ўтмиш-бугунги кунимизни, бугунги кунимиз эса келажакни яратади. Бу бизга азалдан мерос. Ўтмишни қанчалик яхши тушуниб, билиб олсак келажакни олдиндан кўришга ва яратишга қодир бўламиз. Ўтмишни, тарихни архивларсиз била олмаймиз.
Архив сўзи юнонча-archeion, лотинча archivum (шаҳар маҳкамаси, ҳукумат биноси) ҳужжатлар сақланадиган жой маъноларини билдириб, ёзув билан бир вақтда пайдо бўлган. Археологик қидирувлар натижасида дастлабки архивлар (ҳужжатхоналар) Месопотомия (2дарё оралиғи), Миср ва Кичик Осиё ибодатхоналарида, саройларда сақлангани, ҳужжатлар сопол тахтачаларга папирус ва чармларга (пергамент) ёзилган. Даврлар ўтиши билан ҳар бир давлат, мамлакатлар ўз миллий архивларини ташкил эта бошладилар, бу ўз навбатида Халқаро Архив ташкилотини тузиш заруриятини келтириб чиқарди ва 1948 йил 9-июнда Юнеско қарори билан Халқаро Архивлар Кенгаши тузилди. Бу кун «Халқаро Архивлар куни» деб белгиланди.
ХАК дунё архивини сақлаш, ривожлантириш ва фойдаланилишини таъминлашга йўналтирадиган архивчиларнинг ҳамжамиятидир, у бутун дунё бўйлаб ўзининг аъзолари томонидан молиялаштириладиган бетараф, ноҳукумат ташкилот ҳисобланади. ХАКга 199 давлатдан 1800 аъзолари бўлиб, архивчилар, сиёсатчилар, тадбиркорлар, шахсий архив эгаларидан иборат.
Ўзбекистон Республикаси 2009 йилдан ХАК ва унинг Евро-Осиё ҳудудий бўлими (Евразика) аъзосига айланди. Архивчиларимиз бу ташкилотлар томонидан ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар, симпозиумлар, халқаро конгрессларда фаол қатнашиб келмоқда.
Давлат архивининг асосий вазифаси-миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, сақлаш, фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишдан иборат.
Избоскан туман давлат архиви фаолиятида ҳам ўтган давр мобайнида архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилди ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди. Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлар билан бойитилди. Шу билан бирга, таҳлил ва ўрганиш натижалари архив иши ва иш юритиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий қилиш, давлат архивларини моддий-техника базасини яхшилаш, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий механизмларини қўллаш зарурати мавжудлигидан далолат бермоқда. Юртбошимизнинг архивларга бераётган юксак этибори туфайли давлат архивида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида фуқароларни қабул қилиш хоналари, ходимларга қулай шарт шароитлар яратилиб, ишчи хоналар замон талаблари асосида қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Шунингдек давлат архив ходимларининг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилди. Хозирги кунда давлат архивида 1926 йилдан шу кунга қадар бўлган Миллий архив фондига тегишли тарихий аҳамиятга эга бўлган, жами 573 та фондда 74262 сақлов бирлигида ҳужжатлар сақланиб келмоқда. Бу ҳужжатлар юртимизнинг, вилоятимизнинг, туманимизнинг ва халқимизнинг ўтмиши ва ҳаётидан хабар беради.
С.Мамитов,
Избоскан туман давлат архиви етакчи архивчиси.
ТАРИХНИНГ ТИЛСИЗ ГУВОҲИ
Ўхшаш хабарлар Жамият саҳифасидаги мақолалар »