Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мурожаат тушиши кутиб турилмайди, муаммолар уйма-уй юриб аниқланади ва ечими ҳал қилинади

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан фаолият бошлаган Халқ қабулхоналари элимизнинг неча йиллик орзу-армонларини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилгани боис кишиларимиз ҳаётидан, мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнидан тез фурсатда  ўзининг муносиб ўрнини топиб, ҳар бир ҳудуд ҳамда соҳадаги реал манзарани, асл ҳолат ва мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш йўлида янги ғоялар, амалий таклиф ва ташаббуслар юзага  келадиган, уларни  ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқиладиган марказларга айланди. Муаммоларнинг аниқланишига, аксариятини жойида ҳал этилишига замин яратди.

Бироқ замон билан ҳамнафас бўлиш, керак бўлса бир қадам олдинда юриш бугунги кун талаби эканлигини ҳеч ким инкор қилолмайди. Ҳозирги давр, олдинга қўйилган улкан мақсадлар бу соҳада ҳам янгиланишни, орттирилган тажрибаларни такомиллаштиришни, уни мазмун жиҳатидан янада бойитишни талаб этмоқда эдики, Президентимиз  2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Халқ қабулхоналари фаолиятида  мутлақо янги тизимга-сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилди. Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Фармон муқаддимасида таҳлиллар натижасида бир қатор камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Мурожаатлар билан ишлашдаги тизим  аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва ҳал қилиш имконини бермаётгани таъкидланди. Шу ва бошқа жиҳатлар эътиборга олиниб, Президентимиз Фармонига мувофиқ амалдаги йилимизнинг 1 февралидан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича  амалдаги тизими билан бир қаторда Халқ қабулхоналарининг муаммоларни  уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда. Унга кўра Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди.  Яъни, энди Халқ қабулхоналари маълум муаммо юзасидан мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди. Бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида  ўзлари масъул бўлган ҳудудларда  маҳаллама маҳалла, кўчама кўча, уйма уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. Зотан юзма юз учрашувнинг таъсир кучи катта бўлиб, суҳбатлар давомида барча тафсилотлар ойдинлашади, ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади. Бу тизим кишиларимизнинг юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, давлатимиз ва жамиятимизни ҳар томонлама  ривожлантиришга доир таклиф ва тавсияларини жамлашда ҳам таъсирчан воситага айланади.

Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (бир йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради. Ҳокимликлар, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси қисқа муддатли манзилли тадбирлар режалари ижросини таъминлайди. Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлимлари тадбирлар режалари ижросини назорат қилади. Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва Давлат дастурлари, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда  акс этган тизимли муаммолар инобатга олинади.

Фармонда кўзда тутилган яна бир янгилик-Халқ қабулхоналари секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритади ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботи эшитилади. Айни шу механизм ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш борасидаги хато-камчиликлар камайишига хизмат қилади, раҳбарларнинг халқ олдида ҳисоб бериш тизимини янада самарали  йўлга қўйиш имконини яратади.

Шу билан бирга Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий  муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасидаги фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб боради. Ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш масаласи бўйича Фармонда тегишли вазифалар белгилаб берилган. Бундан буён давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги  ишларини мувофиқлаштириш Халқ қабулхоналари  томонидан амалга оширилади.

Уй-жойлар, йўл қурилиши, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, канализация ва бошқа коммунал хўжалик объектлари, ижтимоий соҳа масканларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда бошқа давлат дастурлари, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларнинг  Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида туман ва шаҳар кесимида  жойлаштирилиши ва мунтазам равишда  янгилаб борилишини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатма берилган.

Бир сўз билан айтганда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деб Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан чуқур ўрин олаётган тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу Фармони Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтариш баробарида, ислоҳотлар таъсирчанлигини янада оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишининг яққол далилидир.

Ойбек МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилояти, Избоскан тумани Халқ қабулхонаси мудири

Улашинг: