Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Андижон вилоятига келди.
Андижон вилоятидаги Избоскан туманининг Қўғай маҳалласи — энг чекка ҳудудлардан бири бўлиб, ўзига яраша муаммоларга эга эди. Бу ерларга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи объектлар қурилиши ҳақида ҳеч ким ўйламаганди. Иқтисодий имкониятлар натижасида қишлоқларга ҳам саноат кириб бориши Қўғай қишлоғининг истиқболига ёрқин ўзгартиришлар киритди. Бу эса қишлоқ аҳлини ва тумандаги иш билан таъминланмаган ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил.
Президентимиз ташриф жараёнида ушбу маҳаллада “Соҳиб омад баракаси” кластери томонидан қурилиб ишга туширилган “And gold” тикув-трикотаж корхонаси фаолияти билан танишди.
Маълумотларга кўра қиймати 2 миллион 500 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Бу борадаги йиллик имконият 5 миллион доллардан зиёд. Ҳалитданоқ калава ип етказиб бериш бўйича Хитой ва Россия билан шартнома тузилган.
Корхонада ҳозирча 830 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Келгусида уларнинг сафи янада кўпайиши кутилмоқда. Президентимиз бу жойда ишлаётганлар билан суҳбатлашар экан шундай деди:
— Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади.
Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади. Шу ерда Андижон вилоятида саноат тармоқларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.