“Оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу-энг улуғ саодатдир”-деб таъкидланган эди юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилган бўлиб, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Бироқ минг афсуслар бўлсинким, ҳаётда барча нарсалар кўнгилдагидек бўлавермаганидек, турмушда ҳам эр-ҳотин ўртасида келишмовчиликлар бўлиб туради. Ушбу келишмовчиликлар ўз вақтида ўзаро бир-бирини тушуниш ва ишоч асосида ҳал этилмас экан муаммо судга қадар етиб бориши турган гап.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига асосан, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади. Масаланинг шу жойида яна бир жиддий, жамиятнинг таназзулига сабаб бўлиши мумкин бўлган бир масала, яъни никоҳдан ажрашаётган эр-ҳотин ўртасидаги вояга етмаган болаларнинг тақдири ўртага чиқади.
Оила кодексининг 44-моддасига асосан, Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:
никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;
вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;
эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;
эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.
Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.
Ўзбекистон Республикаси оила кодексининг 65-моддасига кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир.
Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.
Бундай ҳолатда, ота-она ўрталаридаги никоҳ бекор қилинган сўнг ҳам судга фарзандларни ўз тарбияси ва қарамоғига олиш ёки фарзандлари билан кўришиб туриш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво ариза билан жавобгар яшаб турган жойдаги тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилишлари мумкин.
Оила кодексининг 68-моддасига кўра, Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
Фуқаролик судлари томонидан вояга етмаганларнинг манфаатлари кўзлаб қонуний, асосий ва албатта адолатли қарорлар чиқарилиб келинмоқда, бироқ бу билан вояга етмаганларни ҳуқуқлари тўлиқ тикланди деб бўлмайди. Зеро, ҳар бир фарзанд келажакда яхши тарбия топиб, вояга етиши учун ота-онанинг биргаликдаги тарбияси зарур.
Биз аввало муаммо билан эмас унинг сабабларини бартараф қилиш чораларини кўришимиз лозим. Шу сабабли ажрим ёқасига келиб қолган оилаларда тушунтириш ишлари олиб борилиши, муаммонинг асл сабаблари аниқланиши ва уни бартараф қилиш чоралари кўрилмас экан, вояга етмаган фарзандларнинг муаммолари долзарблигича қораверади.
А.Б.Масардинов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Избоскан туманлараро суднинг раиси