Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

70 да деманг бизни

Ҳозирда ёши 70 ни қаршилаётган бўлсада, Абдусалом ака Ниёзов тумандаги “Бойтўра ҳосил барака” фермер хўжалигини бошқариб келади. 16 йилдан буён ҳар йилги деҳқончилик мавсумида эришилган мувафаққиятлардан руҳланган ҳолда келгуси йил мавсуми учун алоҳида тараддуд кўради.
Ўтган 2020 йилда 26 гектар ерда парваришланган буғдойнинг “Чиллаки” навининг ҳар гектаридан 60 центнардан ҳосил олишга эришган фермер, давлат режасини бажариш билан бирга ўз олдига қўйган мақсадларни амалга оширишга эришди.
Пандемия давом этаётган пайтда у маҳалладаги кам таъминланган оилаларга ғалла билан бирга гўшт, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда ҳамкасблари орасида намуна бўлди.
Аҳил жамоа жорий 2021 йил ҳосили учун 23 гектар ерга қадалган “Чиллаки” навли ғаллани меҳр билан парваришлади. Агротехника қоидаларига қатъий амал қилинди. Суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитларга тўйинтириш белгиланган вақтларда амалга оширилди. Бу эса ўз натижасини берди. Кўзланган режадан ортадиган даражада мўл ва сифатли ҳосил етиштирилди. Бунга фермер хўжалигининг жонкуярлари бўлган Акмалжон Ниёзов, Абдумуталлиб Тешабоев, Содиқжон Мирзаев, Шамшидин Тўхтаназаров каби шижоаткорлар ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Мана буғдойга ҳам ўроқ тушиб, туманимизда ғаллани ўриб-йиғиб олиш ишларига қизғин киришилди. Фермер Абдусалом ака гектардан йиғиштириб олинган ғаллани ҳисоб-китоб қилар экан кайфияти кўтарилади. Чунки баракали ҳосил гектарига 80 центнердан тўғри келмоқда. У давлат режасини бажаришни режалаштирган ҳолда жўяли ишга қўл уради. Ўзи яшаб турган “Бештерак” маҳалласидаги “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги ва “Темир дафтар”,”Аёллар дафтари”даги кам таъминланган 37 нафар ишсиз ёшлар, аёлларга 200 килодан буғдой бериш билан бирга, такрорий экишга 10 сотихдан ерда деҳқончилик қилишлари учун техникалар ёрдамида ҳайдаб шай ҳолатга келтиришга киришган. Шу билан бирга маҳалладаги оқсоқоллар, эл-юрт учун меҳнат қилиб,ҳозирда нафақага чиққан фаҳрийларни ҳам ташаббус кўрсатган ҳолда 100 кгдан ғалла билан таъминлади.
Юртимиздаги эл-юрт эътиборига тушган фермерлар орасидан жой олган қаҳрамонимиз қишлоқ хўжалигида кўрсатган хизматлари ва эришган ютуқлари учун ўтган 2020 йилнинг декабрь ойида “Илғор фермер” медали билан тақдирланди.
— Мен ҳаётимда нимага эришган бўлсам, барчаси меҳнатларим самараси деб биламан,-дейди Абдусалом ака. — Меҳнат мени улуғлади, мени яшартирди. Ўзингиз ўйланг, мени салкам 70 ёшимда ҳам хизматларим давлатимиз томонидан эътиборга олиниши менинг кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшмоқда. Бундай муваффақият, қувончлардан ким куч олиб яшармайди, дейсиз. Бунинг учун биз фермерлардан ғамхўрликларини аямаётган Юртбошимизга беадад миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Суратда: Фермер Абдусалом Ниёзов,набираси ва “Ўртақишлоқ” МФЙ, Ёшлар бўйича МФЙ раиси Анваржон Абдураҳманов билан ғаллани тақсимлаш жараёнида.

М. РУСТАМОВ.

Улашинг: