Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҚАДРИ ВА ҚАДДИ БАЛАНДЛАР БАЙРАМИ БУ КУН!

Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Азиз юртдошлар! Туманимиз аҳли, фахрий журналистларимиз, жамоатчи мухбирларимиз, блогерларимиз ва шу соҳа фидойилари!
Сизларни 27 июнь— Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан «Пахтакор» газетаси тахририяти жамоаси чин дилдан муборакбод этади.
Мамлакатимиз, халқимиз, вилоятимиз ва туманимиз аҳли ҳаётидаги барча соҳалар ичида журналистика муҳим ўринга эга, десак асло муболаға бўлмайди. Юртимиз тарихини ўрганишда, ўтмишимиз, бугунги кун ва келажагимиз ҳақида бой маълумотларни аҳолига етказишда, бу маълумотларнинг архив бўлиб сақланиб қолишида ва шу орқали элимизнинг дунёқарашини ошириб, маънавий оламини бойитиш, мамлакат миқёсида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва фармон ҳамда фармойишларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.
Бу йил чоп этила бошлаганига 92 йил тўлаётган севимли «Пахтакор» газетаси жамоаси Сиз азизларнинг кундалик ҳаётингизнинг ажралмас қисми бўлишга, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб бориб, холислик ва ҳаққонийликни Сизларга газета саҳифаларида, веб-сайтида, «Telegram», «Facebook» ва бошқа ижтимоий тармоқлар каналлари орқали етказишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри бугунги кундаги ОАВ олдида турган оғир кунлардан, обуна бўлиш муаммоларидан, мунтазам молиявий етишмовчиликлардан ва бошқа қийинчиликлардан «Пахтакор» газетаси ҳам мосуво эмас. Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгалари бўлган жамоамиз албатта бу кунларни ҳам босиб ўтади. Бу кунда бизга астойдил кўмакчи бўлаётган зиёлиларимиздан мамнун эканлигимизни эътироф этамиз. Сайлов йилида туман халқ таълими ҳамда мактабгача таълим бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмаси, туман Давлат архиви, Чувама «Мурувват уйи», туман нефть маҳсулотлари корхонаси, туман СЭОМ жамоаларининг биз билан елкадош бўлаётганликлари билан фахрланамиз ва миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Ўйлаймизки тума нимиз аҳли ҳам «Пахтакор» газетасини аввалгидай ўз хонадонларига кириб боришларини таъминлайди. Туман ҳокимлиги, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, элимиз овоз берган депутатларимиз ҳам бу ишда бефарқ бўлмайдилар, деб умид билдирамиз.
«Пахтакор» газетаси жамоаси барчангизни яна бир бор 27 июнь— Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан самимий қутлар экан, Сизларга сиҳат-саломатлик, фаолиятингизда омад ва ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака, бепоён осмонимизга мусаффолик тилайди.
Қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин, азизлар!

Улашинг: