Туманимизнинг «Пахтакор» газетасида ишлаган, ўқимишли мақолалари билан танилган журналист Абдураҳим ака Абдураҳмонов бугунги кунда 78 ёшни фарзандлари ва набиралари ардоғида қаршиламоқда. Мактабни тугаллаб, босмахонада саҳифаловчилик қилган мақоламиз қаҳрамонининг асл мақсади журналист бўлиш эди. Аммо бу жараёнга анча йўл босишига тўғри келди. Босмахонада ишлар экан, йигитлик бурчини Свердловск шаҳрида ўташ насиб этди. Армиядан келибоқ тўғри босмахонага кириб келганида уни қарши олган Мирзажон аканинг қувончи оламни тутди.
Чунки янги ўрнатилган ҳарф териш ускунасини бошқаришга ҳеч ким ботинаолмаётган экан. Дадил ишга киришиб, тенгдошларини ҳайратга солди. Қисқа фурсатда янги техникани ишлаш механизми сирларини ўрганиб олди. Тез орада жамоа ҳурматини қозонди. Ёш бўлсада ҳамма ундан маслаҳат сўрайдиган бўлди.
Пойтахтдан «Мухбир» журналидан Абдуқодир Ниёзов ташриф буюриб, ким ҳақида ёзишни сўраганида Мирзажон ака ҳам, жамоа ҳам сира иккиланмай Абдураҳимни кўрсатдилар. Унинг ишга чанқоқлиги, техникаларга қизиқиши, ҳар бир ишнинг уддасидан чиқишини кўрган мухбирнинг «Серҳунар йигит» сарлавҳали мақоласи журнал саҳифаларидан жой олди. Кейинги йиллар эса Тошкент Давлат университети журналистика факультетида сиртдан ўқиш ва босмахонада ғайрат ва шижоатла ишлаш билан ўтди.
Ўқишни тугаллаб, «Пахтакор» газетасига ишга ўтди. Ўша даврдаги муҳаррир Махаммаджон Ўролов унинг ишларидан жуда мамнун бўлди. Тахририятда у адабий ходимликдан масъул котибликкача бўлган зинапояларни босиб ўтди. 1985 йилда туман «Матбуот бўлими» бошлиғи бошқа ишга ўтганлиги сабабли бу ердаги ишни бошқаришни унга ишониб топширдилар. Бу ердаги фаолияти давомида ўзининг ишчанлик, белгиланган вазифаларни аъло уддалаши билан ҳам ном қозонди. Газета тарқатиш ишлари намунали даражага кўтарилди. Режалар ортиғи билан уддалана бошлади. Афсуски 1991 йилда Абдурахим акани йиллар давомида ортириб олган касб касаллиги безовта қила бошлади. Охир-оқибат у ногиронлик нафақасига чиқишга мажбур бўлди.
Абдурахим ака ҳаёти давомида Арофатхон ая билан 2 ўғил, 4 қизни вояга етказишиб, жамият учун фойдали инсонлар этиб тарбияладилар. Фарзандлари хам отаси каби зиёли инсонлар бўлиб етишиб, ҳозирда турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Набиралари ардоғида кексалик гаштини суриб келаётган фахрий журналист Абдураҳим ака Абдураҳмоновни 27-июнь-Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин дилдан муборакбод этар эканмиз, унга энг эзгу тилакларимизни билдирамиз. Байрамингиз қутлуғ бўлсин Абдураҳим ака!М. ДЕҲҚОНОВ.
“СЕРҲУНАР ЙИГИТ”
Ўхшаш хабарлар Маънавият саҳифасидаги мақолалар »