Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МАҲАЛЛА ОБОД БЎЛСА, ҚИШЛОҚ ЧИРОЙЛИ БЎЛАДИ

«Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, ”Маҳалла-жамиятимизнинг ёруғ юзи, виждони кўзгуси”, десак хато бўлмайди”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва ҳотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ фидокорона хизматлари учун “Обод ва хавфсиз маҳалла” республика кўрик-танлови вилоят босқичининг “Энг самарали оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси раиси” номинацияси бўйича ғолиби, биринчи даражали диплом ва эсдалик совғаси билан тақдирланган ва танловнинг Республика босқичи йўлланмасини қўлга киритган Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Марҳабохон Мўминова билан махсус мухбиримиз Маҳмуджон Рустамов суҳбатда бўлди:
— Юртбошимиз айтганларидек маҳалла жамиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Сиз бу борада нима дейсиз?
— Ҳа, маҳалла жамиятимиз кўзгуси ва у Ватан тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Бунинг учун ҳар бир маҳалла раиси ўзи яшаб турган маҳалла фуқароларини беш қўлдек билиши, уларнинг оиласида қандай кайфият хукм сурмоқда, кези келса уларнинг муаммоларини бартараф этиш учун ўзида метиндек ирода, куч тўплай олиши керак.
— Қораянтоқ маҳалласи ҳам аҳоли жиҳатидан катта ҳудуд ҳисобланади. Мисол учун сиз ҳар куни ишни нимадан бошлайсиз?
— Бугунги ишни охиригача бажара олмасангиз, эртанги кунингиз шу юмушни ҳал қилиш билан бошланиши лозим. Зотан кечаги кун тарихга айланади. Ўзингиз ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўринг, кеча улгурмай қолиб кетган бирор бир фуқаронинг муаммоси бартараф этилмаса, унга яна бири қўшилиши мумкин. Шунинг учун ҳар кун эрталабдан ҳамкасбларим билан кечаги адо этилган ишлар билан бирга қолиб кетган муаммони муҳокама қилиб, ечимини топамиз, сўнг кун тартибидаги келгуси ишларни режалаштириб, ҳаракатларни бошлаймиз.
— Маҳалла туманнинг чекка ҳудудида жойлашган. Шундай бўлсада бу ерда ҳар бир соҳага катта эътибор қаратилган.
— Маҳалламизнинг туманимиз четдалиги муаммо туғдирмайди. Чунки Президентимизнинг ғамхўрликлари билан чекка ҳудудлар алоҳида эътиборда. 2018 йили бизнинг Қораянтоқ ва қўшни Юқори Чувама маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дас­тури асосида ишлар ташкил этилиши маҳаллалар, балки Чувама қишлоғининг янада чирой очишида муҳим ахамият касб этди. Шунинг учун ҳозирги кунда ҳам маҳалламизда истиқомат қилаётган 729 та хонадонлардаги жами 4301 нафар аҳоли Юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришдан чарчамайди. Маҳалланинг инфуратузилмаси ўзгариб, тадбиркор маҳалладошларнинг шижоати билан маиший хизмат, озиқ-овқат, чеварчилик каби кўплаб соҳаларнинг ривожланиши аҳоли учун қулай шароитлар яратмоқда.
— Айни дамда маҳаллада қандай ишлар амалга ошириляпти?
— Ҳозирги куннинг асосий вазифаларидан бир бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ташкил этилди. Унга маҳалладаги кам таъминланган, иш жойи ва маълум даромадга эга бўлмаган, боқувчисини йўқотган фуқаролар рўйхатга олинди. “Темир дафтар”га 80 та хонадонлардаги 60 та оила рўйхатга киритилди. Президентимизнинг ғамҳўрликлари, маҳаллий тадбиркорлар ҳомийлигида 38 та оилаларга субсидия асосида 1 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди. 8 та хонадонга 2 бошдан эчки, 5 та хонадонга 150 дона “Бройлер” жўжалари тарқатилди. Рўйҳатдаги фуқароларни ишга жойлашиши, соғликларини тиклаб олишлари учун яқиндан ёрдам берилди. Шу кунгача 80 та оиладан 79 тасининг муаммолари бартараф этилишига эришилди.
“Аёллар дафтари”даги 18 нафар ҳотин қизларнинг 8 нафари улардан Л. Акбарова, Ш. Маматова, Н. Аҳмедова, Ш. Уматалиева, Н. Абдуллаева, М. Низомиддинова,М. Арслонова, М. Солиевалар 5 миллион сўмдан, 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитларни олиб тадбиркорликни турли йўналишларида фаолиятларини йўлга қўйдилар. 9 нафари ишга жойлаштирилди. Машҳурахон Шавкатовага туман ҳокимлиги томонидан 2 миллион 700 минг сўм контракт пули тўлаб берилди. Зумрадхон Аюповага эса бир маротабалик моддий ёрдам пули олди.
“Ёшлар дафтари”даги 31 нафар ёшнинг 5 нафарига кредит берилди. 8 нафари, улардан О. Абдурасулова, Г. Олимовалар маҳалла ҳудудида жойлашган “Жажжи болажон” мактабгача таълим ташкилотига, Д. Шерматова, Н. Мамасолиева, Г. Ёқубовалар “Урганжи текстиль” корхонасига, Д. Эрмухаммедова “Худойберди ота“ хусусий шифохонасига ишга жойландилар. 17 нафарига эса худудларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларидан эрта баҳордан 10 сотиҳдан деҳқончилик қилишлари учун ер ажратиб берилди. Ҳозирги кунга келиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”лари учун аҳолини қайта хатловдан ўтказиш ишларини амалга оширмоқчимиз.
— Келажакдаги режаларингиз амалга ошиши билан бирга кўрик-танловнинг республика босқичида муносиб иштирок этишингизда мувафаққиятлар тилаб қоламиз.
Р.Маҳмудов.
Суратда: Марҳабохон Мўминова ҳамкасблари Маҳфузахон Маматалиева, Гулнорахон Халилова билан.

Улашинг: