Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири ва энг даҳшатлиси ва хатарлиси гиёҳвандликдир. Жумлаи жаҳонда бу хатарга қарши аёвсиз кураш олиб бормаётган бирор мамлакат йўқ. Бизнинг жаннатга монанд Ўзбекистонимизда ҳам бу балои азимга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам, соғлигини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни «ихтиёрий жиннилик» деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақл-ҳушини йўқотади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза ва пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади: «У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…» (Аъроф сураси, 157- оят).
Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, инсон соғлигининг йўқотилишига ёки ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш инсон учун фойдалидир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади: «Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: «Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар», (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
Бу ҳадис билан англаш мумкинки, бўшаштирувчилик сифати наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса харомдир ва ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир», (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланишини тушуниш мумкин. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин-секин (гоҳида эса тез) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан инсон ўз жонига ўзи қасд қилган ҳисобланади. Бу эса гуноҳи кабирадир.
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид ва қораланган амалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир», (Имом Ибн Можа ривояти).
Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, жиноят, қотиллик ва оилавий ажримлар деярли ичкилик ва гиёҳвандлик оқибатидан содир бўлаяпти. Пайғамбаримиз (с.а.в.) маст қилгувчи ичимликларни барча гуноҳларнинг онаси дея ниҳоятда тўғри таърифлаганлар. Шундай экан, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашиш барчанинг бурчи, вазифасидир. Ана шунда умид билан тарбия қилаётган ўғил-қизларимиз зарарли иллатлардан ҳоли, илмли, дунё ва охират саодатига сабабчи бўладиган комил инсонлар бўлиб камолга етад
илар.
Абдурашид ҚОДИРОВ,
«Умар ибн Хаттоб» жомеъ масжиди имом-хатиби.