М. отасининг рангида ранг қолмай инграб, қорнини маҳкам ушлаб келаётганини, ўнг қовурғаси ва бармоқлари орасидан қон томаётганини кўриб қўрқиб кетди. Отасининг бемажол ҳолатда «қўшни» деганини эшитди-ю ғазаби қайнаб ердан катта таёқни олганини, қўлида ошпичоқ ушлаб турган Х.М.ни урганини билмай қолди. Ўнг ва чап елка соҳасига тушган пичоқ зарби уни ҳаракатдан тўхтатди. қолган воқеаларни эса у шифохонада эслади…
Х.М. аввал ҳам қилган қилмиши учун уч йилга қамалган, амнистия акти билан жазони ўташдан озод қилинган эди. Иродали бўлиш ўрнига аламдан ичиш, маст- аласт юриш, қўшнилар билан иноқ бўлмай, гап талашиш, битта гапдан қолмай жанжал исташ унга яна қамоқ жазосини олиб келди.
Албатта бунда жабрланувчиларнинг ҳам айби бор. Улар Х.М. нинг шаънига тегадиган, қадр-қимматини камситадиган гап-сўзлар айтмаганида эҳтимол бу ҳунук воқеа бўлмаган, Х.М. панжара ортида ўтирмаган бўлармиди? Лекин нима бўлганда ҳам Х.М. инсон ҳаётига хавф солмаслиги, ўзини босиши, бу қилмиши оқибатини ўйлаб кўриши лозим эди.
Ҳўш, Х.М.нинг қамоққа етаклаган воқеа аслида қандай бўлганди?
Х.М. Ё. билан турмуш қурган бўлсаларда фарзандли бўлаолмаётгандилар. Сабаби Ё.нинг қандайдир ички касаллиги борлиги сабабли ҳомила уч ой бўлмаёқ тушиб кетаётганлиги эди. Ўзининг фарзанд кўролмаётганидан сиқилиб кетган Х.М. бу ҳақда қўшниси Ж.М.дан маслаҳат олгиси келди. Чунки ёши анчайин улуғ бўлган киши унга жўяли маслаҳат беради, деб ўйлаганди-да.
Ж.М. ҳам унинг сўзларини тинглаб, фарзандли бўла олмаётганига чин дилдан ачинди, қайғусига шерик бўлди. «Эскичасига шундай қилиб кўр. Кўнглинг тортган фарзандли шахснинг ички кийимларидан ирим қилиб кийиб кўр. Зора ёрдам берса». Ж.М. бу сўзларни айтаётганда унинг иззат-нафсига тегиб кетишини, маст бўлганда бу сўзлар ёдига тушиб, бошқачасига тушуниб қолишини асло ўйламаган бўлса керак. Бу сўзлардан аччиқланган Х.М. Ж.М.нинг юз соҳасига қўли билан тушириб қолади. Бу ишга кейинроқ Ж.М.нинг ўғли М. ҳам аралашиб, Х.М.нинг юз ва қорин соҳаларига мушт туширади.
Уларнинг жанжали профилатика инспектори хонасидаги тушунтириш ишлари асосида ярашиш билан якун топади. Бироқ бу ҳаммаси эмасди. Х.М. нинг юрагидаги ғазаб тарқамаганди. Жиноят содир бўлган куни Х.М. Ж.М.ни уйига чақириб, бепушт деб ҳақорат қилганлиги сабабли турмуш ўртоғининг соғлиги ёмонлашиб қолганини баён қилади. Гап бориб жанжалга айланади ва Х.М. олдинги келишмовчиликларни ҳам эслаб, қўлидаги ошпичоқ билан Ж.М.га тан жароҳати етказади. Отасининг аҳволидан хабар топган М. уйидан таёқ кўтариб чиқиб, Х.М.ни уради. Шунда Х.М. қўлидаги ошпичоқ билан унга ҳам жароҳат етказади. Ундан чиқаётган қонни кўриб, қўлидаги пичоқни ташлайди.
Суд мажлиси жараёнида жабрланувчилар соғликлари тикланганини, Х.М.га нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини билдиришиб, унга енгиллик берилишини сўрадилар. Лекин жиноят содир бўлди. Х.М. инсонларга тан жароҳати етказди. Жиноят эса жазосиз қолмайди. Х.М.га суд хукми билан қилмишига яраша жазо тайинланди.
Н. Зайнабидинов,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.
Нур ЗИЁ,
журналист