Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

«Пойтуқ» футбол жамоасига қандай ёрдам зарур?

—Вилоят ҳокимининг ташаббуси барчамизни хурсанд этди.

—Албатта мен ҳам, қолаверса жамоамиз аъзолари ушбу ташаббусдан беҳад мамнун бўлдик.

—Мана уч йил бўлибдики «Пойтуғ» футбол жамоангиз вилоятда иккинчи лига чемпионатида туманимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Футболда яратилган қулай шароитларгина ютуқлар учун муҳим аҳамият эгаллайди.

—Футбол  миллионлар ўйини дея бекорга айтилмайди. Футбол фақатгина ўйиндан иборат эмас. Доимо жамоа ютуқларга эришиш учун футболчилар учун барча  шароитлар яратилиб берилиши керак.

—«Пойтуғ» футбол жамоаси ҳақида тўлиқроқ маълумот бериб ўтсангиз?

—Касбим шифокор бўлгани билан футболга ёшлигимдан қизиқиб келаман. Шунинг учун менга яқин инсон, тадбиркор Авазбек Турғунов билан ҳамкорликда футбол жамоасини ташкил этишга киришдик. 2016 йилда футбол билан яқиндан шуғулланаётган иқтидорли ёшлардан саралаб «Пойтуғ» футбол жамоасини туздик. Илк бор вилоят иккинчи лига чемпионатида иштирок этаётган футболчиларимизнинг ўйинларини кўриб менда уларга нисбатан умид, ишонч пайдо бўлди.

Иложи борича уларга А. Турғунов билан қулай шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилдик. Жамоа «Динамо» ўйингоҳида шуғулланиб уй ўйинларини шу ерда ўтказа бошлади.

—Уларга қандай шароитлар яратилди?

—Ўйинчилар учун ўйингоҳ­да ювиниш хоналари мавжуд. Сафар, уй ўйинлари учун алоҳида формалар сотиб олдик.

Сафар ўйинлари ва ташкилий ишлар ҳамда бизга мухлислик қилаётган тумандошларимиз учун албатта транспорт воситаси керак бўлади. Аммо бизда автобус мавжуд бўлмаганлиги учун, ҳар бир сафар ўйинига алоҳида йўлкира, озиқ-овқат учун маблағ ажратилади. Биз учун бу мушкул бўлсада, йигитларимизнинг ютуқлари, ўйинимиздан ўзгача завқ олган мухлисларимизни кўриб кайфиятимиз янада ортади.

—Янги ташкил этилган футбол мактаби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

—Ҳар бир ишни бошлашдан аввал унинг келажагини ҳам ўйлаш керак бўлади. Шунинг учун ҳам ўтган 2018 йилда туманимизда ҳамда Наманган вилоятининг Норин туманида болалар футбол мактабини ташкил этдик. Норинда моҳир мураббий Исломбек Маҳмудов, туманимизда эса Муҳаммадшукур Инобиддинов каби мураббийлар жамоаси иш олиб боряпти. Ҳар куни ўқувчини соғлигини кўздан кечириш, уларни мунтазам назорат қилиш учун тиббиёт ходими керак бўлади. Бунинг учун уни тиббий ускуналар билан таъминлаш лозим. Бу ишларни амалга ошириш учун анча маблағ керак бўлади.

—Келажакдаги режалар ва муаммоларга тўхталиб ўтсангиз?

—Келажакдаги ниятларимиз улкан. Футбол жамоасини янада такомиллаштириб мухлисларимиз ишончини оқлаш билан бирга болалар футбол мактабини ривожлантириш. Албатта бир қатор муаммолар ҳам бор.

Футбол мактабларида моҳир футболчиларни етиштириш уларга ҳар томонлама таълим бериш ва машғулотлар учун алоҳида бино ва ўйингоҳ керак бўлишини барчамиз тушунамиз. Шу билан бирга транспорт масаласи бизнинг асосий муаммоларимиздан биридир.

—Ўйлаймизки туманда спортнинг футбол турини янада ривожлантириш ҳамда ёшлардан тажрибали футболчилар етиштиришда вилоятимиз ҳокимининг ташаббуслари катта кўмак бўлиши табиий.

—Албатта. Раҳбарларнинг эътибори ютуқлар омили. Сўзимнинг якунида вилоятимиз футболини ривожи учун жон куйдираётган, ташаббуслари билан бизнинг жонимизга оро кираётган вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Улашинг: