Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сенат Мудофаа вазирлигига 1 ойлик ҳарбий хизмат тўлови арзонлаштирилиши юзасидан топшириқ берди

Кеча, 27 август куни бўлиб ўтган Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Сенаторларнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқлар ва ҳудудларда аҳоли билан учрашувлари чоғида фуқаролар томонидан сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига олинган шахслар тўлайдиган пул бадаллари миқдори юқори экани билдирилиб, бу аҳоли орасида турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева мазкур фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига олинган шахслар тўлайдиган пул бадаллари миқдорини ёки арзонлаштириш, ёхуд муқобил вариантини топиш юзасидан Мудофаа вазирлиги масъулларига икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритиши юзасидан топшириқ берди.

Бугунги кунда сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисобрақамга тўланадиган пул бадали БҲМнинг 20 баробари, яъни 4 900 000 (1 сентябрдан 5 400 000) сўм этиб белгиланган.

Улашинг: